Спорт | 00:43 / 21.10.2017
11166
2 дақиқада ўқилади

Йилнинг энг яхши аёл теннисчилари аниқланди

Фото: Getty Images

Сингапурда ўтган маросимда аёл теннисчилар уюшмаси (WTA) теннисни ёритувчи халқаро оммавий ахборот воситалари ўртасида овоз бериш орқали йилнинг энг яхши аёл теннисчилари аниқланадиган WTA Player Awards мукофоти натижаларини эълон қилди.  Ғолиблар 5 йўналиш бўйича аниқланди.

Йилнинг энг яхши аёл теннисчиси испаниялик Гарбинье Мугуруса бўлди. У Уимблдон мусобақаси ғолибаси бўлди ва йил давомида биринчи рақамли аёл теннисчи даражасигача кўтарила олди.

"Йил одимлаши" йўналишида латвиялик Елена Остапенко ғолиб бўлди. У бир йил ичида WTA рейтингида 30 дан кўпроқ поғонага юқорилади ва етакчи ўнталикдан жой олди. Теннисчи июнь бошида "Ролан Гаррос"ни ютди.

Қолган йўналишлар бўйича натижалар қуйидагича бўлди:

Йил жуфтлиги: Мартина Хингис (Швейцария) ва Чжань Юнжань (Тайвань)

Йилнинг энг яхши янги ўйинчиси: Кэтрин Беллис (США)

Йил қайтиши: Слоан Стивенс (США)

Шунингдек, тадбирда энг яхши аёл теннисчиларнинг якуний мусобақаси учун қуръа ташлаш ўтказилди. Якуний мусобақа Сингапурда 22-29 октябрда бўлиб ўтади. Теннисчилар гуруҳларга бўлиниб беллашадилар. Кейинги босқичга ҳар бир гуруҳдан икки нафар энг яхши теннисчи йўл олади.   

Мавзуга оид