Фан-техника | 11:10 / 24.10.2017
19091
9 дақиқада ўқилади

Илон Маск фирибгарми ёки буюк ихтирочи: Hyperloop қандай ишлайди?

Фото: Hyperloop

PayPal компаниясининг миллиардер-асосчиси, дунёдаги энг машҳур ва истеъдодли тадбиркорлардан бири Илон Маск жаҳонни Tesla Motors электрмобиллари ва SpaceX космик парвозлари билан хурсанд қилмоқда. Яқинда Маск сайёрамизда ҳаракатланиш вақтини сезиларли даражада камайтиришга қарор қилди ҳамда йўловчилар ташиш учун ракеталардан фойдаланиш концепциясини тақдим этди. Аммо бундан ҳам олдин у Лос-Анжелес ва Сан-Франциско ўртасидаги сафар вақтини 35 дақиқагача қисқартиришни хоҳлади. Шунинг учун, у юқори тезликдаги транспорт тизимини қуриш таклифи билан чиқди, бу кишиларга соатига 1,223 км. масофани босиб ўтиш имконини беради: Hyperloop.

Дастлаб бу ғоя ҳайратланарли эди. Аслида ҳам шундай бўлди. Агар у муваффақиятсизликка юз тутса, футуристик Hyperloop поездлар ўрнини эгаллайди ва транспортда локомотив, автомобиль ҳамда самолёт каби инқилоб қилади. Ягона муаммо шундаки, ҳеч ким Hyperloop қандай ишлаши ва уни қуриш учун қанча маблағ талаб этилишини билмайди. Аммо бу борадаги ишлар давом этмоқда ҳамда фаол олиб борилмоқда.

Маскнинг айтишича, лойиҳанинг нархи 6 миллиард долларни ташкил этади. Аммо кўпчилик бу рақамларга шубҳа билан қарамоқда. Баъзи экспертларнинг сўзларига кўра, бундай пулга ҳатто катта ҳажмли кўприк ҳам қуриб бўлмайди. Бундан ташқари, Калифорнияда икки шаҳар ўртасида анча секинроқ темир йўли тизими қурилиши режаси ишлаб чиқилмоқда, унинг нархи 60 миллиард долларни ташкил этади. Айнан шу таклиф Маскни Hyperloop’ни намойиш этишга ундади. Калифорния режаси, Маскнинг 2013 йил августида SpaceX сайтида эълон қилинган 57 саҳифадан иборат техник ҳужжатда ёзишича, «дунёдаги энг секин поездларидан бири» учун жуда қимматдир. Маълумот учун, бу поезд соатига 322 километр тезликда ҳаракатлана олади.

Маскнинг айтишича, деярли товушдан ҳам юқори бўлган ер усти транспорт тизимини яратиш нархи ва мураккаблигидан қатъи назар, Hyperloop поезд ва самолёт ўртасидаги нарсадир. Кўп жиҳатдан бу ҳаво хоккейи ўйинидан олинган технология ёрдамида милтиқ ўқи бўйлаб сайёҳат қилишга ўхшаб кетади. Маск Hyperloop ишлашига ишонишини айтмоқда. Лекин қандай қилиб?

Поездлар, самолётлар, автомобиллар, кемалар ва ...

Фото: Hyperloop

Илон Маскнинг дунёсида Hyperloop механизациялашган ҳаракат пантеонидаги самолётлар, поездлар, автоуловлар ва кемаларни ҳисобга олса, транспортнинг «бешинчи тури» бўлади. Маск одамлар Калифорниядаги зилзилалардан омон қолиш учун мўлжаллаб лойиҳалаштирилган устунларда ўрнатилувчи пўлат қувурлар орқали, худди бобслейдаги каби саёҳат қилишларини хоҳламоқда. Темир бетондан тайёрланган бу устунлар ҳар 30 метр оралиқда жойлаштирилади ва ердан 6, 15 ҳамда 30 метр баландликда бўлади.

Маскнинг ғоясини амалга ошириш учун муҳандислар қандай режаларни таклиф қилишмоқда? Уларнинг аксарияти бир нечта сабабларга кўра муваффақиятсиздир. Мисол учун, улар Hyperloop’ни кучли парраклар билан жиҳозлашни таклиф қилишди, улар пневмопочтадаги каби ҳаракатланишда ёрдам бериши керак. Маскнинг таъкидлашича, гарчи бундай йирик парракларни тайёрлаш мумкин бўлсада, бу қулай эмас, чунки 563 километрлик қисмда ҳаво оқимидаги бундай тезкор ҳаракатда қувур ичида қаршилик катта бўлади ва керакли тезликка етиша олмайди.

Бундан ташқари, маглевнинг ҳаракатида ишлатиладиган электромагнитли илгакларга эга вакуумли қувурлар ҳам чиқариб ташланди. Гап шундаки, қувурларда идеал вакуумни ҳосил қилиш жуда қийин бўлади, айниқса, уларга кунига минглаб олиб юриш ускуналари кириб чиқса. Шунингдек, алюминийли қувурлар ёрилиши ёки оқиши мумкин, демак ишдан чиқиши ҳам эҳтимолга яқин.

«Юзлаб километр масофадаги қувурда битта кичик ёриқ юзага келса, бутун тизим ишламай қолади», - дея ёзган Маск.

Яна бир техник муаммо шундаки, қурилмалар қувур орқали ҳаво билан ҳаракатланади. Маскнинг айтишича, агар қувур ва қурилма деворлари жуда яқин бўлса, «капсула ўзини шприц каби тутади». Бошқача қилиб айтганда, ҳаракатланувчи қурилма тизимдаги барча ҳаво оқимини итаради, аммо уни ўтказмайди. Натижада, боб жуда секин ҳаракат қилади ёки муҳандислар янада каттароқ қувурни қуриши керак бўлади.

Илон Маск услубидаги ечим

Фото: Hyperloop

Муаммолар рўйхати туганмас бўлиб кўринади. Бироқ ихтирочи Маск, Tesla ва SpaceX’дан муҳандисларни жалб қилди. Улар иккита қувурни (бири шимолга, бошқаси жанубга) кўтариш ва шу орқали ичкаридаги ҳаво босимини камайтиришни таклиф қилишди.

 

Назария жуда оддий: реактив самолётлар анча зичлиги кам бўлган катта баландликларда парвоз қиладилар, ҳамда қаршилик камаяди. Маск жамоаси тизимдаги ҳаво босими Марснинг ингичка атмосфераси босимидан олти бараварга кам бўлиши лозимлиги ҳақидаги фикрга келишди, бу тезлашаётган ҳаракатланувчи қурилмалар қаршилигини сезиларли даражада камайтиради. Бундан ташқари, Hyperloop’ни АҚШдаги I-5 штатлар ўртасидаги магистралда жойлаштириш харажатларни камайтиради, чунки йўналиш бўйлаб яшайдиган одамлардан ер сотиб олиш керак бўлмайди.

Шунингдек, улар бобни тизим юрагига айлантиришди, энди қувур технологик жиҳатдан бироз оддийроқ бўлди. Режа шундан иборатки, ҳаракатланувчи қурилмани металл чанғилар билан лойиҳалаштириш, ҳамда шу орқали чанғилардаги кичик тешиклардан кирувчи ҳаво ёстиқчалари бўйлаб юришдир. Концепция ҳаво хоккейи ўйинига ўхшаш, бироқ бу ерда ҳаво бобнинг қувур бўйлаб юқори тезликда ҳаракатланиши ҳисобидан тўпланади, қурилманинг олдинги қисмидаги ўта кучли электр компрессорлар ҳавони орқага сиқиб ўтказади. Чанғилардаги магнитлар электрмагнит импульс билан жуфтликда бизга поездларда таниш бўлган биринчи силкинишни беради. Шундан кейин тезликни ҳис қилиш йўқолади.

Қувватни магнитлар ва ўтказгичлардан олувчи чизиқли индукцион двигателлар қувур бўйлаб турли нуқталарга жойлаштирилади ва қурилмани барқарор ҳаракат билан таъминлайди. Қувур бўйлаб фавқулодда чиқиш жойлари ҳам ўрнатилади. Қувурларнинг ўзида эса қуёш панеллари бўлади.

Қаерга кетаётганингизни кўринг

Фото: Hyperloop

Маск қурилмалар қулай ва хавфсиз бўлишини ваъда қилмоқда. Улар Hyperloop’да битталаб ҳаракат қилади, ҳар 30 сонияда бир марта жўнаб кетади ва бир-биридан ўртача 37 километр масофада ҳаракатланади. Йўловчилар қувурнинг ҳар бир охирги нуқтасида ҳамда қувур бўйлаб махсус жойлар орқали кириб чиқишлари мумкин. Ҳар бир йўловчи қурилма 28 кишини сиғдиради, улар икки қаторда 14 кишидан жойлашади, шу билан бирга, бир томонда багаж бўлаги бўлади. Катта контейнерлар автомобилни ҳам ўзида олиб юриши мумкин. Йўловчилар бир томонга чипта учун 20 доллар тўлайди.

Багаждан қутулганидан сўнг, йўловчилар ўриндиқларга ўтиришлари, хавфсизлик камарини тақишлари ва 35 дақиқа давомида яқин шахсий экрандан фойдаланишлари керак бўлади. Ҳатто ҳожатхонага ҳам бора олмайдилар – у йўқ. Кабинка жуда кичик бўлгани учун, бундай кўринишда саёҳат қилиш клаустрофобиядан азият чекувчи одамларга мос келмайди.

Hyperloop ишлайдими? Ҳозирча ҳеч ким билмайди. Синов ҳудудлари аллақачон қурилиб, тажрибадан ўтказилмоқда. Маск буни мумкин деб ҳисоблайди, одамлар унга ишонишмоқда. 581 км. тезликка етиши мумкин бўлган махсус поездлар – маглевлар яратувчиларидан бири бўлган Жим Пауэлл’нинг The Verge’га айтишича, Маск барча тизимни қувурга жойлаштирмоқчи бўлиб, тўғри иш қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, очиқ тизимда жуда кўп ишқаланиш бўлади. Ишқаланиш эса ҳаттоки герметик муҳрланган Hyperloop қувурида ҳам муаммо келтириб чиқариши мумкин.

Бундан ташқари, тўғри чизиқда Hyperloop қувурини қуриш яхшироқдир. Пауэллнинг айтишича, агар йўл жуда эгри-бугри бўлса, йўловчиларнинг кўнгли айниши мумкин.

Кўпчилик Hyperloop’ни яратишда юзага келган техник муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигига ишонишсада, баъзилар нарх ҳақида сўраяпти. 6 миллиард доллар - бу каби катталикдаги лойиҳа учун жуда кичик нархдир. Шу билан бирга, Маск ўз пулларини сарфлашни истамаяпти ҳамда бошқалар унинг ўрнига инқилоб ясашига умид қилмоқда. Балки, сиз ҳам омадингизни синаб кўрарсиз?

Мавзуга оид