Ўзбекистон | 15:50 / 24.10.2017
13737
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия ёғочдан уйлар қуриш имкониятларини муҳокама қилди

Ўзбекистон делегацияси Россияга ташриф буюриб, Ўзбекистонда ёғочли қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда уйлар қуриш бўйича Россия тажрибасини қўллаш имкониятларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон вакиллари ёғоч уй-жой мажмуаларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда ёғочдан қурилган уйлар намойиш этиладиган махсус мавзелар билан танишишди, дея хабар беради Россия Ўрмон хўжалиги комплекси матбуот хизмати.

«Россия ёғочни ишлаб чиқариш мажмуаси маҳсулотларида хорижий харидорларни ўзига тортадиган нарса – бу, авваламбор, сифатдир. Россия ўзини жаҳон бозорида ишончли савдо шериги сифатида кўрсатиб берди», - дея ҳисоблайди Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири ўринбосари Виктор Евтухов. 

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан ҳамкорлик Россия ўрмон хўжалиги саноати ривожланишига янги туртки беради.

«Ўзагротехсаноатхолдинг» бошқаруви раисининг ўринбосари Саидаббос Саидаминовнинг қайд этишича, Ўзбекистон Россиядан юқори даражада қайта ишланган ўрмон саноати маҳсулотларини етказиб берилишидан манфаатдор. Унинг фикрига кўра, Ўзбекистон ва Россия ёғочли уй қуриш технологиялари соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиши керак.

«Ўрта Осиёдаги иқлим шароитида ёғочли қурилиш бўйича замонавий ишланмалар сифатли ҳамда арзон уй-жойларни барпо этиш имконини беради», - дейди Саидаминов. 

Мавзуга оид