Спорт | 15:50 / 27.10.2017
16193
3 дақиқада ўқилади

Рэшфорд ва Асенсио: «Қайчи трансфери» қанчалик ҳақиқатга яқин?

«Манчестер Юнайтед» ёш ҳужумчиси Маркус Рэшфордни «Реал»га қўйиб юборишга тайёр, деб ёзади Daily Express. 

Бунинг учун эса, мадридликлар Марко Асенсиони инглиз жамоасига беришлари талаб этилади. Испаниялик ёш юлдуз Чемпионлар Лигаси ва Испания суперкубогидаги ўйинларидан кейин Мадриднинг бўлажак юлдузи сифатида эътироф этилган ва мухлислар ёқимтойига айланганди. Аммо Асенсио ўзининг «Реал»даги ҳолатидан қониқмаяпти ва имкон қадар кўпроқ, муҳимроқ ўйинларда асосий таркибда тушишни истамоқда. 

Маркус Рэшфорднинг Манчестердаги ҳолати ҳам «адаши»никига ўхшаб кетади. Тўғри, Моуриньо унга кўпроқ имконият тақдим этмоқда, лекин Рэшфордни асосий таркибнинг алшмаштириб бўлмас вакили дейиш қийин ва муҳим ўйинларда унга ишонч билдириш учун, айни палладаги ҳолати мукаммал бўлиши талаб этилади. Зеро, ҳужумчи позициясида тегинилмайдиган футболчи - Ромелу Лукаку бор. Қанотларда эса, Рэшфордга яна бир иқтидорли ҳужумчи Антони Марсиял рақобат қилади. Агар Златан Ибраҳимовичнинг ҳам тез кунларда қайтиши инобатга олинса Рэшфорднинг майдондаги дақиқалари янада камайишини тахмин қилса бўлади. 

«Манчестер Юнайтед» Асенсиога бўлган қизиқишини яширмаяпти. Ўз навбатида, «Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду Мадридга айнан Рэшфордни олиб келиш лозимлигини раҳбариятдан сўраётгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Футболчиларнинг жамоадаги вазияти бу алмашувнинг мантиқли эканини англатса-да, якунда, бу келишув ҳақиқатдан йироқ бўлиши мумкинлигини айтса бўлади. Биринчидан, Асенсионинг Манчестерга, Рэшфорднинг Мадридга кўчиб ўтиши уларнинг ўйин дақиқалари билан боғлиқ муаммолари ечилишини кафолатламайди. Зеро «МЮ»да ҳам, «Реал»да ҳам ушбу футболчилар тўп сурадиган позициялар учун рақобат етарлилигача қолади. 

Иккинчидан, бу футболчилар «Олд Траффорд» ва «Бернабеу»нинг энг ёқимтой футболчилари саналишади. Номаълум истиқбол учун улардан воз кечилиши клубнинг, мураббийларнинг мухлислар олдидаги имижига салбий таъсир кўрсатиши аниқ.

Учинчидан, бу футболчилар ҳали жуда ёш. Вақт ўтган сари тажриба тўплаб бориш ва буни ортиқча босимларсиз амалга ошириш учун бугунги ҳолатлари жуда қулай. Бунинг устига, ҳар икки клубда Криштиану Роналду, Бэйл, Мата, Ибраҳимович каби ёши каттароқ футболчилар борки, яқин келажакда ўз ўрниларини ёшларга бўшатишлари аниқ, бу ўринлар учун эса, тилга олинаётган ёшлар асосий номзод сифатида қаралаётганини таъкидлаш керак.

Мавзуга оид