Жаҳон | 09:24 / 31.10.2017
6076
2 дақиқада ўқилади

Ассанж: WikiLeaks эълон қилган Клинтон мактубларини давлат департаменти тақдим этган

Махфий маълумотларни ошкор қилишга ихтисослашган WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанж АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг электрон мактубларини ким тақдим этганига ойдинлик киритди. Унинг Twitter саҳифасида ёзишича, ташкилот томонидан жамоатчиликка ошкор қилинган мактубларни давлат департаменти тақдим этган. 

"Клинтоннинг Wikileaks орқали эълон қилинган минглаб мактублари хакерлик фаолияти натижасида қўлга киритилмади, балки АҚШ давлат департаменти томонидан 2016 йил 3 мартдаги "Ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонун" доирасида тақдим этилди", - деб ёзган Ассанж.

26 октябрь куни Cambridge Analytica таҳлилий фирмаси раҳбари, Дональд Трамп сайловолди кампаниясида фаолият юритган Александр Никс, ўтган йили WikiLeaks асосчиси билан учрашгани маълум бўлди. У собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг ўчириб юборилган мактубларини қўлга киритишга уриниб кўрган. 

Фото: Twitter/JulianAssange

Маълумки, 2015 йили Ҳиллари Клинтон давлат котиби бўлиб ишлаган вақтларида иш билан боғлиқ мактубларини шахсий электрон почтаси орқали юборгани ошкор бўлган ва йирик можарога сабаб бўлганди. Кейинроқ, у барча ёзишмаларини (55 минг мактуб) тақдим этган, 30 мингдан ортиқ шахсий ёзишмаларини ўчириб ташлаган эди. Шу сабабли у қаттиқ танқид қилинганди.

Мавзуга оид