Спорт | 15:00 / 01.11.2017
11977
7 дақиқада ўқилади

Европа Лигасини соғинган «Атлетико». ЕЧЛ оқшомидаги асосий воқеалар

31 октябрь оқшомида Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида 4 гуруҳ учрашувлари ўтказилди. 4-турдан кейиноқ «ПСЖ» ва «Бавария» гуруҳ масаласини ҳал қилиб бўлди, охирги йилларда турнир фаворитларидан бири бўлиб келган «Атлетико» эса турнирни тарк этиш ёқасида қолди. «Трибуна» сешанба оқшомидаги ўйинларнинг асосий воқеаларини эслаб ўтади.

Моуриньонинг мухлислар билан зиддияти

Ўтган ҳафтада «Тоттенҳэм» билан ўйин (1:0) якунланиши ҳамоно, Жозе Моуриньо камерага қараб бармоғини лабига теккизган ҳолда, «жим бўл» ишорасини қилганди. Кўпчилик бу ҳаракат асосан, сўнгги пайтларда жамоа ўйинини танқид қилаётган журналистларга қаратилганини тахмин қилган бўлса-да, аслида стадионга ташриф буюрган мухлислар учун ҳам мурожаат бўлиши мумкин экан.

Моуриньонинг «Бенфика»га қарши ўйиндан олдин айтилган қўйидаги фикрлари буни исботлагандек бўлди:

«Умид қиламанки, бугун ўз ишимизни уддалаймиз ва ЕЧЛ плей-оффига яқинлашамиз. Яна шуни умид қиламанки, ўйин ҳам кўпчиликка, жумладан, «Тоттенҳэм» билан ўйинни ёқтирмаган баъзиларга ҳам ёқади», – деди португалиялик мутахассис. 

Мураббийнинг бу гаплари ва табиийки, олдинги ўйиндаги ҳаракати унинг Рэшфордни Марсиялга алмаштириш қарорини ҳуштакбозлик билан кутиб олган мухлисларга қаратилганини тахмин қилиш мумкин. Оқибатда Марсиял «Тоттенҳэм» дарвозасига ғалаба голини урди, Моуриньо эса, «жим бўлинглар, бу ерда мен боссман» дегандек бўлди – «ёпишяпти».

«Бенфика»га қарши ўйин ҳам «МЮ»нинг активига ёзилди – 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба, «Олд Траффорд»да қаторасига 38 мағлубиятсиз ўйин. Бу ҳам клуб рекорди.  

Луис Суарес қачон гол уради?

Ҳужумчиларнинг голсиз сериялари дарров кўпчиликнинг эътиборини тортади ва бу ҳақида гапира бошлайдилар. Масалан, Криштиану Роналдунинг муаваффақиятсиз бошланган мавсуми ҳақида. Аммо «Барселона»нинг ғалабали ўйинлари ва Мессининг сермаҳсуллиги фонида Луис Суареснинг муаммоси унча кўзга ташланмаётгандек.

Ушбу мавсумда барча мусобақаларда Суарес ҳаммаси бўлиб 3 гол урди холос. Чемпионлар Лигасидаги тўрт ўйинда у ҳали рақиб дарвозасини ишғол қила олмаяпти. Уругвайлик ҳужумчи сўнгги 4 ўйинда ҳам гол урмади, «Олимпиакос»га қарши ўйинда унинг 7 зарбаси ҳисобни ўзгартира олмади. 

«Барселона» эса, Грецияда голсиз дурангдан сўнг, яна бир сериясига барҳам берди – 2012 йилдан буён биринчи марта «Барселона» гуруҳ ўйинида майдонни гол урмасдан тарк этди.

Инглизлар ниҳоят тўхтатилди

Гуруҳ босқичининг дастлабки давраси инглиз клубларининг яққол пешқадамлигида ўтганди ва бешта гуруҳда АПЛ клуби пешқадамликни ўз қўлига олганди. Аммо бу ҳолат энди ўзгарадиган кўринади.

Римда йирик ҳисобда мағлубиятга учраган «Челси» гуруҳда иккинчи ўринга тушиб кетди. Бу ушбу мавсум Чемпионлар Лигасида инглиз жамоаларининг дастлабки мағлубияти бўлди. Унгача ўтказилган 15 ўйиннинг 11тасида Англия вакили ғалаба қозонганди.

Бугун «Тоттенҳэм» «Реал» билан, «Манчестер Сити» эса, сафарда «Наполи» билан куч  синашади. Улар аввалги темпни ушлаб, «Челси»нинг мағлубияти истисно эканини исботлай оладиларми?

England Penalty Loose

АПЛни энди қисқартириб, шундай атаса ҳам бўлар. Маълумки, бир ирлардиялик томонидан ихтиро қилинган пенальти Англия жамоалари, хуусан Англия терма жамоаси учун нуқул омадсизлик келтиради ва йирик мусобақаларда инглизлар жуда кўп бор пенальтилар сериясида мағлубиятга учрашган.

Бу сафар инглиз клубларининг ЕЧЛда пенальтилар боғлиқ муаммоларга дуч келаётганликларини таъкидлаш жоиз. АПЛ вакиллари томонидан ижро этилган 5 пенальтининг атиги иккитаси голга айланди. Аввалги ўйинларда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Серхио Агуэро, «Ливерпуль» аъзоси Фирминолар «нуқтадан» аниқ зарба бера олмаганди. Кечаги ўйинда эса, Антони Марсиял ҳам дарвозабонни доғда қолдира олмади.

Пенальтини аниқ амалга ошира олмаган футболчиларнинг инглиз эмасликларига ҳам эътибор беринг, демак бу клублардаги инглиздан унданам бадтардир?    

Кавани рекорддан қуруқ қолди

Эдисон Кавани қаторасига 7-чемпионлар лигаси учрашувида гол урган эди. Аввалроқ бундай кўрсаткични қайд этган футболчилар фақат Криштиану Роналду ва Рууд ван Нистелрой бўлган холос.

Қизиғи, «ПСЖ» жуда осонлик билан 5 гол урган кечаги ўйинда Каванининг серияси ҳам якунига етганидир. Ўнг қанот ҳимоячиси Курзава ҳет-трик қилаётган пайтда, Кавани бирорта ҳам гол ура олмади.

Демак, Кавани янги рекорд қўйиш имкониятини йўққа чиқарди. Роналду қаторасига саккиз, Рууд ван Нистелрой эса, тўққиз ўйинда гол урган ҳужумчилар сифатида етакчиликда қолди.

«Атлетико» Европа Лигасини соғиндими?

Тўрт йилда икки марта Европа Лигасини ютиб олгач, мадридликлар сўнгги 4 йилда мунтазам Европа Чемпионлар Лигаси плей-ффида иштирок этиб келишган ва икки марта финалда, бир марта ярим финалда ўйнаб ҳам улгуришганди. Бу сафар уларга сал қийинроқ гуруҳ тушгани рост, аммо Симеоне жамоаси 4 очкони озарбойжонликларга қарши ўйинларда йўқотишини ким ўйлабди дейсиз? Балким либосида айнан «Озарбойжон» ёзуви билан Европа топ клублари ичига кириб келган «Атлетико» бу номнинг салобатини ҳис қилдимикин?

Нима бўлгандаям, энди мадридликларнинг кейинги босқичга чиқиш имкониятлари пасайиб кетди. «Атлетико» кейинги икки турда асосий рақиблари устидан ғалаба қозонган тақдирда ҳам, «Рома» ва «Челси» «Қорабоғ»ни ютиб, гуруҳдаги дастлабки ўринларни эгаллашлари мумкин.

Мавзуга оид