Жамият | 21:25 / 01.11.2017
7336
3 дақиқада ўқилади

Галина Мельникова ёш журналистларга маҳорат дарси ўтди

Журналистика таълими: янгиланиш нафаси...

Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ҳақида республика аҳолисини, жаҳон ҳамжамиятини ўз вақтида хабардор қилишга, шунингдек, дунё ахборот майдони глобаллашуви кучаяётган шароитда содир бўлаётган воқеаларга тез ва холис муносабат билдира олишга қодир бўлган юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йилда қабул қилган “Журналист кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлди. Улар ижроси доирасида миллий журналистика таълими соҳасида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Замонавий талабларга мувофиқ – Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети фаолияти янада такомиллаштирилди, факультет учун янги, ҳамма қулайликларга эга бўлган бино барпо этилди. Жорий йилда факультет телерадиостудияси энг сўнгги замонавий техник жиҳозлар билан таъминланиб, фойдаланишга топширилди. 

“Маҳорат мактаблари” – талабалар таянчи

Шу билан бирга ёш журналистларнинг амалий билим-кўникмаларини шакллантиришга ҳам катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда факультетда 15 га яқин “Маҳорат мактаблари” фаолият юритиб келмоқда. Клуб машғулотларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, суд-ҳуқуқ идоралари, ОАВда хизмат қилаётган етакчи журналистлар, профессор-ўқитувчилар, тажрибали ижодкорлар таклиф этилмоқда.

Галина Мельникова ва талабалар юзма-юз...

Хусусан, Ўзбекистон халқ артисти, “Пушкин”, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Дўстлик” орденлари соҳиби, таниқли журналист Мельникова Галина Виталиевна билан учрашув ва маҳорат дарси ташкил этилгани ҳам фикримиз далилидир. Учрашувда  ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов журналистика соҳасининг ўзига хослиги хусусида тўхталар экан, Галина Мельниковани ҳақли равишда “тирик афсона” деб атади ва талабалар иштирокида ташкил этилган бу учрашув уларнинг хотирасида узоқ йиллар сақланиб қолишини таъкидлади.

Мельникова Галина Виталиевна талабалар билан бўлган самимий мулоқотда ўз босиб ўтган ҳаёт йўли, тележурналистиканинг машаққати ва шарафли йўли хусусида тўхталди. Ушбу учрашувда ва маҳорат дарсида  журналист кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, моддий-техник базани ва ўқув жараёнини замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан бойитиш, талабаларнинг амалий билим-кўникмаларини шакллантириш, журналистика факультети билан телевидение ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш масалалари борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида кенг маълумот берилди.

Учрашув самимий руҳда кечди. Талабалар машҳур сухандон-журналистга ўзларини қизиқтирган саволларни бердилар ва атрофлича жавоб олдилар.

 

ЎзМУ онлайн жамоаси

Мавзуга оид