Жаҳон | 01:00 / 10.11.2017
24047
5 дақиқада ўқилади

Аввал иқтисод, кейин сиёсат. Трампнинг Хитойга тарихий ташрифи якунлари

Фото: EPA

АҚШ президенти Дональд Трампнинг расмий ташриф билан Хитойга келиши қатор муҳим ҳужжатларни имзолаш билан якун топди.

ХХР савдо вазири Чжун Шаннинг матбуот анжуманида таъкидлашича, уларнинг умумий қиймати 253 миллиард доллардан ошади. Идора раҳбарининг сўзларига кўра, дунёнинг энг йирик иқтисодиётига эга икки давлат раҳбари иштирокида расмийлаштирилган бундай кенг кўламли халқаро шартномани "ҳақиқий мўъжиза" сифатида баҳолаш мумкин.

Шартномаларни имзолаган компаниялар орасида Boeing ва CASC (Хитой аэрокосмик илм-фан ва технологиялар корпорацияси), General Electric ва Qualcomm кабилар бор. Шунингдек бошқа соҳалар, хусусан, авиация ва автомобилсозлик ҳамда қишлоқ хўжалигига доир келишувлар ҳам имзоланди.

Хитой Қўшма Штатлар президентига дунёдаги энг йирик сарой мажмуаси - "Тақиқланган шаҳар"да самимий қабул уюштирди.

Хитой-Америка муносабатларининг асослари

Си Цзиньпин Дональд Трампнинг Хитойга ташрифини "тарихий" деб атади. Унинг сўзларига кўра, икки томон биргаликда Хитой-АҚШ муносабатларининг келгусидаги ривожига доир йўл харитасини ишлаб чиққан.

"Хитой-Америка муносабатлари янги тарихий даврни бошдан кечирмоқда, - деди ХХР раиси. - Хитой АҚШ билан ўзаро манфаат ва ҳурматга асосланган алоқаларни ўрнатиш истагида".

Фото: Reuters

Икки томон ҳам ҳамкорликка урғу бериб, позициялар борасида тушунмовчиликларни бартараф этиш кераклигини қайд этди. АҚШ президенти Цзиньпиннинг Пекин ва Вашингтон алоқалари энг аввало кооперацияга таяниши кераклиги, зеро бу "ягона тўғри йўл" экани борасидаги фикрига эътироз билдирмади.

Трамп, ўз ўрнида, икки мамлакатнинг сиёсий алоқалари квинтэссенцияси сифатида қаралаётган ХХР раиси билан алоқаларини "ҳақиқатда яхши" дея баҳолади. Шунингдек у Вашингтон Хитой билан кўп йиллар давомида муваффақият ва дўстликка асосланган ҳамкорликдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Савдо ва иқтисодиёт

АҚШ президентининг ХХРга ташрифи асосий мақсадларидан бири икки томонлама савдо-иқтисодий сиёсат масалаларини ҳал қилиш бўлди. Хусусан, у йилига 1,5 миллиард долларни ташкил қилувчи Хитой-Америка товар айланмасидаги номутаносибликка эътибор қаратди.

"Аввалги раҳбариятнинг бунга йўл қўйгани жуда ачинарли, албатта. Бироқ биз барчасини икки томон учун ҳам адолатли ва аъло даражага етказамиз", - деди Оқ уй раҳбари Си Цзиньпинга мурожаат қилиб. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ Хитой ва бошқа қатор мамлакатлар билан савдо алоқаларида орқада қолган ва шу муносабат билан ўз сиёсатига тузатиш киритиш ниятида.

ХХР раиси унинг мамлакати "миллий иқтисодиёт очиқлиги йўлида ҳеч қачон эшикларни ёпмаслиги", хорижий бизнес фаолияти учун барча зарур шароитларни яратиши ва ислоҳотларга содиқликни сақлаб қолишини таъкидлади.

Хитой билан келгуси беш йилда 8 триллион долларлик хорижий маҳсулотлар импорти кўрсаткичларига эришилиши икки томонлама алоқаларнинг умидли прогнози сифатида янгради.

Корея ярим ороли келажаги

Дональд Трамп ва Си Цзиньпин музокаралари доирасидаги яна бир асосий мавзу КХДРнинг ракета-ядровий дастури ва Корея ярим оролидаги вазият бўлди. Трампнинг сўзларига кўра, Пекин "қисқа муддатларда ортиқча саъй-ҳаракатларсиз" Пхеньянни денуклеаризацияга мажбур қилишга қодир. У бу муаммо - умумий хавфсизлик учун энг йирик таҳдид эканини қайд этди ва ХХР раиси бу масалада "жиддий ишлаши"га ишонч билдирди.

Фото: Reuters

Ўз навбатида, Хитой етакчиси америкалик ҳамкасбининг ишончини ерда қолдирмай, КХДР муаммосини ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади. Натижада Корея ярим ороли муаммоси бўйича алоқаларни янада кучайтиришга келишиб олинди.

Трамп ҳам, Цзиньпин ҳам сўнгги 70 йилда хавф уйғотиб келаётган КХДР муаммоси мулоқот орқали, тинч йўл билан ҳал қилиниши кераклигини қайд этишди.

Пекиндаги музокараларда Трамп "АҚШ ва ХХР мазкур муаммо ечимига таъсир ўтказиши мумкин бўлган ягона мамлакатлар эмаслиги, бунга Россия ҳам фаол қўшилиши кераклиги"ни таъкидлади. Америка президенти бу масалани орқага суриб бўлмаслиги, тезкорлик билан ҳаракат қилиш кераклигини айтди.

Бундан ташқари, икки мамлакат етакчилари армиялараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва яқин вақт ичида АҚШ ва Хитой мудофаа вазирларининг ташрифини ташкиллаштиришга келишиб олишди.

Мавзуга оид