Андижонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида республика анжумани бўлиб ўтди
Андижонда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети ва республика Маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоят вакиллари, Фарғона водийсидаги диний таълим муассасалари раҳбарлари, имом-хатиблар иштирок этдилар. Шунингдек, конференцияда Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари муфтийлари бошчилигидаги делегация аъзолари қатнашди.
Мазкур тадбирнинг ўтказишдан асосий мақсад дунёда кечаётган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг асл мазмун ва моҳияти, келиб чиқиши, унинг оқибатларини муҳокама этиш ҳамда хунрезлик ва бузғунчилик ҳолатларини муқаддас Ислом дини билан боғлаётган кучларга нисбатан диний соҳа ходимларининг якдил муносабатини белгилаш ҳамда уларга қарши курашиш чоралари тўғрисида келишиб олишдан иборат бўлди.
Ўзбекистон Республикаси президенти девони шўъба мудири Музаффар Жалилов ўз маърузасида мамлакатдаги диний соҳадаги ислоҳотлар, минтақада тинчлик-осойишталикни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳақида тушунчалар берди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раиси Ортиқбек Юсуповнинг маърузаси Ўзбекистоннинг халқаро майдонда диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, унга қарши кураш борасида олиб бораётган сиёсати моҳият-мазмунига бағишланди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов эса мамлакатда ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштиришда диний ходимлар олдида турган вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Махсатбек Тохтамушев ҳамкасби фикр-мулоҳазаларига қўшилган ҳолда шундай деди:
- Ўзбек, қозоқ ва қирғиз халқларини илдизи бир улкан дарахтга қиёслаш мумкин. Чунки, бир ҳаводан нафас олиб, бир ариқдан сув ичамиз. Динимиз, мазҳабимиз ҳам ягона. Демак, мақсад-у ўйларимизнинг ҳам бирлиги муқаддас динимиз софлигини сақлаш, ҳар қандай бузғунчилик ва фитналарга қарши курашда бизларни бирлаштириб туради.
- Дунёнинг турли бурчакларида содир этилаётган террорчилик Марказий Осиёдан олисда бўлса-да, биз учун ёт эмас, - деди ўз сўзида Қозоғистон Республикасининг Жанубий Қозоғистон вилояти бош имом-хатиби Каримбек Аҳмаджон. – Негаки, бу, тинчликка тажовуз, сиз-у бизнинг осойишта ҳаётимизга ҳам таҳдиддир. Мазкур анжуман уч давлат уламоларини ҳамжиҳатликка, ўзаро бош қовуштириб ҳаракат қилишга чорлаётгани билан аҳамиятли, деб биламан.
Кун тартибида кўрилган масалалар бўйича Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари Муҳаммаджон Қуронов, Тошкент ислом университети ректори Равшанбек Абдуллаев, Андижон вилояти ва Тошкент шаҳри бош имом-хатиблари Нуриддин қори Холиқназаров ҳамда Анвар қори Турсуновлар бузғунчи оқимларларнинг ҳар қандай кўринишига қарши маърифат билан курашиш, минтақада ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашни таъминлашга барча бирдек ҳисса қўшиши лозимлиги ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирдилар.
Анжуман доирасида республика «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси ташаббуси билан Андижон давлат университетида «Маърифат ва бағрикенглик тинчлик ва тараққиёт гаровидир» шиори остида фотокўргазма ташкил этилди. Меҳмонлар бу ерда «Уруш ва тинчлик», «Экстремизм ва терроризм оқибатлари», «Ёшлар хунрезлик ва бузғунчиликка қарши», «Диний ақидапарастлик ва дунё» ва бошқа мавзулардаги экспозицияларни томоша қилиб, фикр алмашдилар.
KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов
Рустамжон ЭШОНОВ олган суратлар
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
14:41 / 06.11.2024
5 сотих ерни фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган экология бўлими бош инспектори 20 минг доллар билан ушланди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
11:52 / 02.11.2024