Жамият | 14:35 / 16.11.2017
51057
3 дақиқада ўқилади

Фото: Сурхондарёда Кушонлар императори муҳри топилди

Фото: meros.org

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида жойлашган Далварзинтепа ёдгорлиги 50 йилдан буён археологлар томонидан тадқиқ этилмоқда.

Далварзинтепа милоддан аввалги II асрда қишлоқ сифатида пайдо бўлиб, милодий I асрга келганда ҳудуди 47 гектарга эга бўлган йирик шаҳарга айланиб, Кушонлар империясининг пойтахти сифатида равнақ топади. Далварзинтепа шаҳристонининг шарқий қисмида жойлашган DT-37 (дала археологик номи) объекти ўтган йили Ўзбекистон Фанлар Академияси Санъатшунослик илмий тадқиқот Институтининг машҳур япон археологи, марҳум Като Кюдзо ҳамда таниқли олим Б.Турғунов иштирокидаги қазишмалари вақтида кўплаб топилмалар қаторида кўп сонли тангалар ҳамда ғалати шаклга эга бўлган тутқичли тангасимон буюм топилганди.

Ўзбекистон Фанлар Академияси Санъатшунослик илмий тадқиқот Институти ходими Темурхон Жаҳоновнинг Kun.uz нашрига маълум қилишича, топилмалар мутахассислар томонидан тозаланиб, тадқиқ этилганида бу буюм Кушонлар императори Вима Кадфиз тасвири туширилган муҳр экани аниқланди. Ушбу топилма Далварзинтепа - Кушонлар империясининг дастлабки пойтахти бўлгани ҳақида назарияни яна бир бор тасдиқлади. Бу ноёб топилма Ўзбекистон жанубида жойлашган Сурхон воҳаси Кушонлар империяси даврида анча муҳим аҳамиятга эга бўлгани, маъмурий – сиёсий марказга айлантирилганини исботлайди. 

Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар Далварзинтепанинг ички ҳамда ташқи қисмидаги буддавийлик ибодатхонаси ва ундан топилган 40га яқин буддавийлик динига оид йирик ҳамда кичик ҳажмдаги ҳайкаллар; дунёдаги энг қадимги шахмат доначалари (милодий I асрга тегишли); 1972 йилда археолог Б.Турғунов томонидан топилган ва ўзбек археологияси тарихидаги энг оламшумул топилмалардан бири бўлган, оғирлиги салкам 36 килограммга тенг 115 дона олтин буюмлар хазинаси Далварзинтепани ўз вақтида дунёга машҳур қилган эди. 

Далварзинтепадан топилган кўплаб ноёб топилмалар Япония, Жанубий Корея, Швецария, Франция каби дунёнинг бир қанча давлатларидаги экспозицияларда намойиш этилди. Айниқса, Япониядаги кўргазмаларда топилмаларга бўлган қизиқиш ниҳоятда катта эди. Бунинг ҳосиласи сифатида ҳозирги кунда Ўзбекистонга ташриф буюрадиган кўплаб япон сайёҳлари айнан Далварзинтепа ва Сурхон воҳасидаги буддавийлик дини ёдгорликларини кўриш учун келаётганини кўриш мумкин.

Термизнинг фахрий фуқароси бўлган машҳур археолог Кюдзо Като вафот этди