Жамият | 17:30 / 17.11.2017
103907
5 дақиқада ўқилади

Янги ташкил этилган Ислом илмий мактаблари ҳақида барча маълумот

Фото: Mehrob.uz

2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги видеоселекторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир қатор таклифларни берганди.

«Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади», – деганди президент.

Айни вақтда бу таклифларни амалга ошириш ишлари бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили «Kun.uz» мухбирига хабар берди.

Қачон ташкил этилди?
Самарқанд вилоятидаги «Ҳадис» ва «Калом» илмий мактаблари 2017 йил 8 ноябрь куни, Қашқадарё вилоятидаги «Ақида» илми мактаби 10 ноябрь куни, Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги қошида Ислом ҳуқуқи мактаби 13 ноябрь куни расман иш бошлади.

Кимлар таълим олади?
Илмий мактабларга диний маълумоти тўғрисида ҳужжатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида тингловчи сифатида қабул қилинади.

Мактаблар учун тингловчиларни қабул қилишга вилоят масжидларида фаолият кўрсатаётган, шунингдек ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаган ва ҳозирда диний идора тизимида фаолият олиб бормаётган номзодлар ичидан салоҳиятлилари танлаб олинади.

Ташкил этилаётган мазкур мактаблар Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида ташкил этилаётган Ислом академияси ва магистратура мутахассисликларида таҳсил олиш истагида бўлганларни тайёрлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Кимлар дарс беради?
Илмий мактабларда фаолият олиб бориш учун жалб қилинадиган (таниқли уламолар, Олий маъҳад, мадраса мударрислари ҳамда имом-хатиблардан иборат) ўқитувчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тузиладиган махсус ҳайъат суҳбатидан ўтказилгандан сўнг иш бошлашади.

Қайси услубда таълим берилади?
Мазкур илмий мактаблар илмий-тадқиқот маркази шаклида ташкил этилади ва уларда юртимизда шаклланган таълим беришнинг устоз-шогирд анъаналарига асосланган Бухоро, Самарқанд мактаблари услубида фаолият олиб борилади.

Илмий мактаб ходимлари ихтисослиги бўйича мўътабар асарлар асосида давра дарсларида таълим олишлари, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борадилар. Шунингдек, жамиятдаги долзарб диний масалаларни чуқур ўрганган ҳолда матбуот ва даврий нашрларда эълон қилиб борадилар.

Тингловчиларга илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва давра дарсларида иштирок этиш муддати белгиланмайди, яъни таълим замонавий модуль шаклида олиб борилади. 

Тингловчилар таълим якунида қандай ҳужжатга эга бўлишади?
Мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлаганлиги (хатми кутуб қилганлиги) тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилади.

Қандай китоблар ўқитилади?
«Ҳадис» илмий мактабида Имом Бухорийнинг «Ал-Адаб ал-Муфрад» асаридаги 1322та ҳадисни тингловчилар ёд олишлари асосий вазифа қилиб қўйилган.

«Ақида» илмий мактабида «Абу Муъин ан-Насафий» ҳазратларининг асарлари юртимиздаги Ҳанафий мазҳабига оид ақоид китоблари асосида дарслар ўтилади.

«Тасаввуф» мактабида тасаввуф шайхлари, хусусан, нақшбандия шайхларининг ҳаёт йўллари, турмуш тарзи ҳақидаги китоблар ўқитилади. Тариқат пирлари насиҳат сифатида айтган ҳикматли сўзлар шарҳланади. Руҳий тарбияга оид китоблар ўқитилади. Тингловчиларга мунтазам равишда араб ва форс тилидан сабоқ берилади, тарихий манбаларни ўқиш жараёнида тил қоидалари тушунтирилиб, билим ва кўникмалари мустаҳкамлаб борилади. Тасаввуф мактабида тингловчиларга асосан нақшбандия таълимоти ўргатилади. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан ва аҳолимиз ўртасида кенг тарқалган, мамлакатимиз тарихида ўзига хос ижтимоий-маданий аҳамият касб этган кубравия яссавия ҳамда қодирия тариқатлари ўрганилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

«Ислом ҳуқуқи» мактабида тингловчиларга Бурҳониддин Марғиноний ҳамда Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий асарлари чуқур ўргатилади, қолаверса, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳам режалаштирилган.