Жаҳон | 17:31 / 20.11.2017
13000
2 дақиқада ўқилади

Мугабенинг ўрнини ким эгаллаши мумкинлиги айтилди

Фото: AP

Зимбабве вице-президенти Пхелекезела Мпхоко импичмент ёки истеъфога чиқадиган бўлса, давлат раҳбари Роберт Мугабенинг қонуний ворисига айланади, деб хабар бермоқда Зимбабведаги Veritas ҳуқуқшунослик маркази.

Аввалроқ ZANU PF ҳукмрон партия марказий қўмитаси Мугабени партия биринчи котиби лавозимидан четлатди, шунингдек, уни душанба куни тушлик вақтигача президент лавозимидан истеъфога чиқишга чақириб, импичмент билан таҳдид қилди. Мугабе якшанба куни халққа қилган мурожаатида ўз истеъфоси ҳақида эълон қилмади ва ҳукмрон партиянинг декабрь ойидаги конгрессида раислик қилиш ниятида эканини маълум қилди.

Veritas таҳлилий изоҳида иддао этилишича, импичмент жараёни муваффақиятли якун топса, давлат раҳбари лавозими Мпхокога ўтиши керак.

"Мпхоко мамлакат ташқарисида, ёки ҳибсда, ёхуд партиядаги лавозимидан маҳрум қилинган, ёки ундан четлатилган бўлиши мумкинлиги, унинг вице-президент сифатидаги мақомини ўзгартирмайди", - дея экспертлар хулосасидан иқтибос келтиради Harare24 янгиликлар портали.

Мпхоко қаерда эканлиги борасида турли маълумотлар келмоқда: баъзиларига кўра, у Японияга қочиб кетган; бошқа маълумотга қараганда эса – уй қамоғида сақланмоқда. 

Маълумот учун, Мпхоко Зимбабведаги икки вице-президентдан бири саналади: унинг ҳамкасби Эммерсон Мнангагва ноябрь бошида истеъфога чиқарилган.

Мавзуга оид