8 минг кишининг қатлида айбланган серб қўмондонига жазо тайинланди
Собиқ Югославия бўйича халқаро трибунал босниялик серблар армиясининг собиқ қўмондони Ратко Младични умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилди. Младич геноцид ва ҳарбий жиноятлар содир этишда айбдор деб топилди.
Серб Республикаси армиясининг собиқ қўмондони Младичга 1995 йилда Сребреницада 8 минг мусулмоннинг оммавий қатл этилишини ташкиллаштириш айби қўйилган. Бундан ташқари, суд Сараевонинг 43 ой давомида қамал қилиниши билан боғлиқ ҳолда Младични инсониятга қарши жиноятларни содир этиш ва уруш олиб боришнинг қоидалари ва анъаналарига риоя қилмасликда айбдор деб топди. Сараевонинг қамал қилиниши вақтида ўққа тутишлардан 11 минг тинч аҳоли ҳалок бўлганди.
Умумий ҳолда Младичга 11 та банд бўйича айблов қўйилди. Барча жиноятлар собиқ Югославияда фуқаролик уруши борган 1992-1996 йилларга тааллуқлидир.
Младич айбловнинг бирорта банди бўйича айбини тан олмади. Младич адвокатларининг таъкидлашича, серб қўшинлари ва уларга иттифоқдош ҳарбий тузилмалар томондан қотилликлар ва этник тозалашлар содир этилиши учун Младичнинг жавобгарлиги “ҳеч қачон аниқ исботланмаган”. Уларнинг фикрича, Младичга максимал 15 йиллик қамоқ жазоси белгиланиши керак. Младич ҳукм устидан шикоят қилмоқчи.
Младич 2011 йилда Сербия шимолидаги Лазарево қишлоғида қўлга олинган. Бунгача у 16 йил халқаро қидирувда бўлган. Младич қўлга олинишидан аввал икки ой кузатувда бўлган. У қўлга олинганда Милорад Комадич псевдонимини қўллаган ва ташқи кўринишини ҳеч ҳам ўзгартиришга уринмаган.
Младич қўлга олинган кунининг эртасигаёқ Гаагага экстрадиция қилинган. Унинг иши бўйича суд жараёни 2012 йил майида бошланган.
Младичга қўйилаётган асосий жиноят Сребреницада содир этилган хунрезлик ҳисобланади. Бу шаҳар аҳолисининг аксарият қисмини мусулмонлар ташкил этган. Младич бошчилигидаги қўшинлар шаҳарни қамалда ушлаб турган. Шаҳардаги тинч аҳолини эвакуация қилиш учун одамларни икки колоннага бўлиб олиб чиқишга қарор қилинган: аёллар ва болалар ҳамда 10 ёшдан 65 ёшгача бўлган эркаклар. Эркаклар колоннаси шаҳардан чиқиши биланоқ серб қўшинлари томондан ҳужумга учраган. Бунинг оқибатида 8 минг киши ҳалок бўлган.
Младич билан бирга инсониятга қарши жиноятларни содир этишда босниялик сербларнинг собиқ етакчиси Радован Каражич ҳам айбланганди. 2016 йил мартида у халқаро трибунал қарори билан 40 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган.
Мавзуга оид
11:30 / 02.11.2024
Сербияда темирйўл вокзалида том қулаши оқибатида 14 киши ҳалок бўлди
09:10 / 26.10.2024
Еврокомиссия раҳбари Сербия бош вазири билан учрашувни бекор қилди
09:10 / 18.10.2024
Сербия урушга қарши позицияга эга россияликка ЯУРни узайтирмади
23:20 / 13.10.2024