Спорт | 18:10 / 30.11.2017
38513
4 дақиқада ўқилади

Бокс бўйича Ўзбекистон чемпионлари номи маълум бўлди

Сурхондарё вилояти 23-30 ноябрь кунлари бокс бўйича катталар ўртасидаги мамлакат чемпионатига мезбонлик қилди. Қизиқарли ва муросасиз жанглар натижасига кўра, 10 вазн тоифасида терма жамоага муносиб номзодлар номи маълум бўлди.  

Айтиш керакки, Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари бу сафарги чемпионатни ўзгача тарзда ташкил этишди. Авваллари ҳар бир вазнда вилоятлардан фақат бир нафар чарм қўл қоп устаси чемпионлик учун рингга кўтарилган бўлса, бу сафар неча нафар спортчи бўлишидан қатъий назар мусобақада иштирок этиш ҳуқуқи берилди. 

Бир ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида ўтиш жангларида ўз сўзларини айтган боксчилар ҳал қилувчи жангларда республика чемпионлиги учун бор имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишди. 

Шундай қилиб, 49 кг вазнда Тошкент вилояти жамоаси аъзоси Худойназар Файзов бухоролик Мироншоҳ Ибрагимов билан тўқнаш келди. Уч раунд давомида икки боксчи ҳам бир-бирига имконият бермасликка ҳаракат қилди. Жанглар деярли тенг курашлар остида кечди, якунда Файзиев олтин медал соҳиби бўлди. 

52 кг вазнда андижонлик Ҳасанбой Латипохунов Фарғона жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Абдулло Қўчқоров билан бош соврин учун баҳс олиб борди. Жанг Қўчқоровнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. 

56 кг вазн тоифасида Рио олимпиадаси олтин медали соҳиби бухоролик  Шаҳобиддин Зоиров ва пойтахтлик Абдулҳай Шораҳматов тўқнаш келди. Абдулҳай рақибига муносиб қаршилик кўрсатишга интилган бўлса-да, тажриба борасида анча маҳоратга эга бўлган Шаҳобиддин Зоиров 5:0 ҳисобида рақибини мағлуб этди. 

60 кг вазнда Тошкент вилояти вакили Шунқор Абдурасулов Бухоро жамоаси аъзоси Шукуржон Раҳимов билан учрашди. Якунда Шунқор Абдурасулов терма жамоанинг биринчи рақамли спортчилари қаторига ўз номини ёздириб қўйди.  

69 кг вазнда мезбон боксчи Маҳмуд Ғоипов ва жиззахлик Бобоусмон Ботуров ўртасидаги жанг кутилганидек муросасиз кечди ҳамда Ғоипов уч раунд натижасига кўра 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. 

75 кг.да сурхондарёлик Акмурад Ғаффоров Самарқанд жамоаси аъзоси, ёш боксчи Фанат Қаҳрамоновга қарши баҳсга киришди. Дастлабки раунддаёқ ташаббусни ўз қўлига олган Ғаффоров якунда мамлакат чемпиони бўлди. 

81 кг.да Козимбек Мардонов ва Мадиёр Саидраҳимов рингга кўтарилди. Бу учрашувда Козимбек Мардоновнинг қўли баланд келди. 

91 кг.гача бўлган вазндаги финалда пойтахтлик Ҳасан Баратов ва Бухоро жамоаси аъзоси Сардор Ёрмуҳаммедов ўзаро куч синашди. Бу вазнда Сардор Ёрмуҳаммедов 5:0 ҳисобида ғалабага эришди. 

Бокс бўйича мамлакат чемпионати финал беллашувларининг охирги учрашуви 91 кг.дан оғир вазн тоифадаги спортчилар баҳси билан якунланди. Унда фарғоналик Лазизбек Муллажонов Хоразм жамоаси аъзоси Мирзобек Ҳасановга қарши рингга кўтарилди. Ёшлар ўртасида Осиё чемпионлигини қўлга киритган Лазизбек энди асосий таркибда халқаро мусобақаларда иштирок этадиган бўлди.

Мавзуга оид