Жаҳон | 17:11 / 30.11.2017
22462
5 дақиқада ўқилади

Сооронбай Жээнбеков. Нима учун Москвага Минскдан аввал борилди?

Фото: kremlin.ru

Давлат раҳбарининг илк ташрифи катта сиёсатдаги кўп нарсадан далолат беради. Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон президенти лавозимига расман киришганидан сўнг президент девони Минскка амалга оширилувчи ташрифга тайёргарлик кўра бошлади, у ерда бугун Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг юбилей саммити бўлиб ўтиши керак. Бироқ Минскка биринчи амалий ташриф билан бориш кечириб бўлмас хатога айланган бўларди ҳамда буни йўлнинг ўзида тўғирлашди, деб ёзмоқда қирғиз ОАВ.

Россия томони таклифи бўйича

Минскка парвоз амалга оширилишидан бир кун аввал Қирғизистон президенти девонининг ташқи сиёсат бўлими мудири Ойзода Субакўжоева Сооронбай Жээнбековнинг биринчи амалий ташрифи Москвага 29 ноябрь куни бўлиб ўтиши ҳақида хабар берди. Баъзи журналистлар ҳайратдан ёқа ушлашди ва ҳаттоки қайтадан савол беришди: у нотўғри гапириб қўймадими? 

«Бу Сооронбай Жээнбековнинг давлат раҳбари сифатидаги биринчи хорижий ташрифи бўлади. Ташриф Россия томони таклифи бўйича амалга оширилади. Шуни айтиш мумкинки, Россия билан иттифоқчиликни мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсий курс фақат ривожланиб боради. 2 етакчи икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади ҳамда халқаро аренадаги муаммолар бўйича фикр алмашади», - дея айтиб ўтди у.

Президент билан сафарга баъзилар кутган, айримлар эса кутмаган жамоа жўнаб кетди: ТИВ раҳбари Эрлан Абдилдаев, бош вазир ўринбосари Тўлқинбек Абдигулов, Хавфсизлик кенгаши котиби Алмазбек Қурманалиев, президент девони раҳбарининг биринчи ўринбосари Муҳаммадкалий Абулғозиев ва яна бир неча киши.

Путин ва Медведевдан илиқ сўзлар

Журналистлар Сооронбай Жээнбековнинг Владимир Путиннинг икки томонлама учрашуви бошланиши тахминан бир соат давомида кутишган. Шундан кейин Қирғизистон раҳбари биринчи ташрифни нега айнан Россияга амалга оширганини тушунтириб берди.

«Шундай бўлиши ҳам керак эди. Биринчи ташриф айнан Россияга амалга оширилиши керак эди. Мен ўз томонимдан стратегик шериклик мустаҳкамланиши учун максимум саъй-ҳаракатни амалга ошираман. Россия Федерацияси биз учун асосий стратегик шерик ва иттифоқдош бўлиб қолади. Мен Владимир Путинга таклиф учун миннатдорчилик билдираман. Биз долзарб масалаларни, бўлажак ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдик. Мен унга Қирғизистон Республикаси олий мукофоти - I даражали «Манас» орденини топширдим. Бизнинг делегация жуда яхши кутиб олинди. Биз муҳокама қилган барча масалалар ўз ечимини топади», - дея аниқлик киритди Сооронбай Жээнбеков.

Россия ҳукуматида ҳам бу борада катта умидлар борлиги таъкидланди. Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев Қирғизистон танланган йўлдан ҳаракатланишда давом этишига умид билдирди.

Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги даражага чиққан. «Бу икки томонлама алоқалар мустаҳкамлангани билан ҳам боғлиқ, сиз унга катта ҳисса қўшдингиз, бу Қирғизистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши билан ҳам кўринди. Умид қиламанки, ушбу барча йўналишлар бўйича ҳамкорлик давом этади», - дея қўшимча қилиб ўтди Дмитрий Медведев.

Владимир Путин эса Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон-Россия муносабатлари ривожига қандай ҳисса қўшганини ёдга олди ҳамда уни сайловлардаги ғалаба билан табриклади.

«Яна бир бор сизни табрикламоқчиман. Сиз тажрибали инсонсиз, ҳукуматни бошқаргансиз. Сизнинг ишингиз туфайли Қирғизистон ЕОИИга кирди. Қирғизистондан Россияга маҳсулот етказиб бериш ҳажми икки баробарга ошди, товар айланмаси 32 фоизга ортди», - деди Владимир Путин.

Президент учун ноқулай саволлар

Журналистларни эса нафақат икки давлат етакчисининг суҳбати, балки бошқа муаммолар, масалан, янги президент куч блокида кадр ўзгаришларини амалга ошириши билан боғлиқ мавзу қизиқтирди. Бироқ бу савол унинг матбуот билан мулоқот қилиш иштиёқини сўндирди. У қисқа жавоб қайтарган: «Бу ҳақда Қирғизистонда гаплашамиз». Жээнбеков кетмоқчи бўлган, бироқ Қозоғистон билан зиддият тўғрисидаги савол туфайли яна бир неча дақиқага ушланиб қолган.

«30 ноябрь куни Минскда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг давлат раҳбарлари даражасида йиғилиши бўлиб ўтади. Ташкилот етакчилари йиғилади. Мен саммит доирасида Нурсултон Назарбоев билан музокаралар ўтказмоқчиман ҳамда юзага келган вазиятни муҳокама қилмоқчиман», - дея айтиб ўтди Сооронбай Жээнбеков.

Йиғилиш доирасида икки томонлама музокаралар режалаштирилмаган. Сооронбай Жээнбеков ва Нурсултон Назарбоев агарда имконият пайдо бўлса, масалани тор доирада муҳокама қилиши мумкин

Мавзуга оид