Ўзбекистон | 14:07 / 02.12.2017
91690
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев янги аэромажмуа қурилиши билан танишди 

Фото: uzreport

Давлат раҳбари 2 декабрь куни Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига ташриф буюрди. 

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2016 йил 16 майдаги қарорига мувофиқ бу ерда «Тошкент-4» халқаро йўловчи терминали қурилиши режалаштирилган. Бугунги кунда янги иншоот лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари такомиллаштирилди. 

Лойиҳа Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг банк ва жамғармалари ҳисобидан молиялаштирилади. Янги халқаро аэропортда соатига 1 минг 500 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. 

Президент маблағлардан самарали фойдаланиш, қурилиш ишларини бошлаш учун ҳудудни тайёрлаш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича топшириқлар берди. 

Давлат раҳбари халқаро йўналишларда учиб келаётган йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш бўйича қилинаётган ишлар билан танишди, қайта қурилаётган кутиш залини ҳам бориб кўрди. Бу ерда замонавий меҳмонхона қуриш, ахборот технологиялари асосида замонавий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди. 

Аэропорт Ўзбекистоннинг остонаси. Шу боис бу ерда меҳмонлар учун барча шароит ва қулайликлар бўлиши керак, деди президент. 

Мавзуга оид