Жаҳон | 22:30 / 04.12.2017
19638
3 дақиқада ўқилади

Яманнинг собиқ президенти ўлдирилиши тафсилотлари маълум қилинди

© РИА Новости / Алексей Дружинин

Ҳусийчилар Яманнинг собиқ президенти Али Абдулла Салоҳни отиб ўлдиришган. Бу ҳақда РИА Новостига Яман армияси вакили Яҳё ал-Маҳдий маълум қилган.

Собиқ президент ўзи раҳбарлик қилаётган «Умумхалқ конгресси» партиясининг бошқа раҳбарлари билан Мағриб вилоятига ўтишга уринганида ҳужумга учраган, у қўлга олиш чоғида ҳалок бўлган.

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, ҳусийчиларнинг хавфсизлик хизмати Салоҳнинг ҳаракатларини кузатиб борган, унинг тарафдорлари уни хавфсиз жойга олиб кетишмоқчи эди.

«Салоҳ ва ҳамроҳлари Санханга келганида хавфсизлик кучлари вакиллари уни қўлга олмоқчи бўлишди, аммо ўртада отишма чиқди. Отишма вақтида Салоҳ ҳамда унинг бир неча ҳамроҳлари ҳалок бўлишди, яна бир неча киши қўлга олинди», деган ахлоқ масалалари департаменти директори ал-Маҳдий.

Сано вилояти ҳудудида жойлашган Санхан қишлоғи  - Абу Абдулла Салоҳнинг ватани ҳисобланади.

Салоҳнинг ўлими ҳақда биринчи бўлиб ҳусийчилар назорати остидаги ҳудуд ИИВ раҳбари маълум қилганди. Собиқ президентнинг ўлими ҳақидаги маълумот аввалига «Умумхалқ конгресси» партияси вакили томонидан рад қилинди.

Аммо кейинроқ бу ҳужум вақтида Салоҳ ва партия раҳбари ўринбосари Ясир ал-Авада ўлдирилгани, Салоҳнинг ўғли Холид қўлга олингани ҳақида маълум бўлди.

Али Абдулла Салоҳ Яманни 1978 йилдан 2011 йилгача бошқарганди. Шиалар вакили бўлган Салоҳ ҳокимиятдан кетгач, янги президент, суннийлар вакили Абд Раббо Мансур Ҳодийга қарши шиаларнинг радикал гуруҳи «Ансор Аллоҳ» билан иттифоқчиликда кураш бошлади. 2014 йилда бу зиддият Яманда фуқаролик урушини келтириб чиқарди. Натижада, қонуний президент пойтахтни ташлаб, жанубдаги порт шаҳар Аданга қочишга мажбур бўлди.

2015 йилда Яман ҳукуматини Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси қўллаб-қувватлаб чиқди ва Яманга коалиция кучлари киритилди. Шундан кейин мамлакатда кучлар мувозанати юзага келди.

29 ноябрь куни ҳусийчилар ва Али Абдулла Салоҳ тарафдорлари ўртасида Сано учун ички кураш бошланиб кетди. Бир неча кун ичида қуролли тўқнашувлар оқибатида 245 киши ҳалок бўлди.

Ўтган ҳафтада Мансур Ҳодий армияни ҳусийчилар ва Салоҳ тарафдорлари ўртасида кураш бошланган Санога йўналтирди.

Шанба куни Салоҳ ҳусийчилар билан алоқаларни буткул узгани ҳақида маълум қилиб, барчани мамлакатни улардан қутқаришга чақирди. Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Салоҳнинг бу ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Бу орада «Ансор Аллоҳ» етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий Салоҳни қўллаб-қувватловчи кучларнинг ҳаракатларини «ақлсиз ва шубҳали», Салоҳнинг ўзини эса «сотқин» деб эълон қилганди.

Мавзуга оид