Фан-техника | 23:20 / 05.12.2017
29547
4 дақиқада ўқилади

Олтин ғалаба! Ўзбекистонлик ихтирочи халқаро кўргазманинг совриндори бўлди

Жамшиддин Хожимуҳамедов онаси Маҳмуда опа билан

Аввалги хабарларимизда, 2017 йил 14 ноябрь куни Жанубий Кореянинг Адлия Вазирлиги ва Корея ихтироларни ривожлантириш ассоциацияси (KIPA) томонидан OASIS дастури доирасида ўтказилган “Кореядаги чет элликларнинг ихтиро ва бизнес стартаплари” танловининг финал босқичида ўзбекистонлик Хожимуҳамедов Жамшиддин ўзининг ихтироси билан 2-ўринни олгани ҳақида маълум қилган эдик. Қаҳрамонимиз ҳеч қанча вақт ўтмай, Кореядаги яна бир нуфузли кўргазмада биринчиликни қўлга киритди.

2017 йилнинг 30 ноябрь – 3 декабрь кунлари Жанубий Кореяда анъанавий Сеуль халқаро ихтиролар кўргазмаси бўлиб ўтди. Мазкур кўргазма ўз кўлами, мавқеи билан АҚШ, Швейцария ва Германияда ўтказиладиган нуфузли ихтиролар фестивали қаторига киради.

Жорий йилги Сеул халқаро ихтиролар кўргазмасида Жамшиддин Хожимуҳамедов ўз стартап лойиҳаси учун олтин медал билан тақдирланди. Бу ҳақида Жамшиддин Кun.uz мухбирига хабар берди.

Бу йили 12-маротаба ташкил этилаётган Сеул халқаро ихтиролар кўргазмасида 600дан ортиқ ихтиролар тақдимотга қўйилган. Улардан 170га яқини кореялик маҳаллий иштирокчилар ва 468 та лойиҳа эса дунёнинг 30 мамлакатидан ташриф буюрган ихтирочиларнинг ишидир. Улар орасида айнан бизнинг юртдошимиз – Жамшиддин Хожимуҳамедовнинг тақдим этган лойиҳаси олтин медалга лойиқ деб топилгани барчамизга ажойиб совға бўлди.

"Жанубий Корея 2010 йилдан бошлаб бир неча йиллар давомида БМТнинг электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси бўйича энг етакчи ўринларни эгаллаб келади. Ўзбекистонда ҳам электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича айнан Жанубий Корея билан иш олиб борилаётгани бежиз эмас. 

Менинг бу йилги лойиҳам айнан Кореяда очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда онлайн савдо орқали кунига харид қилинувчи миллионлаб маҳсулотларни янада тезроқ етказиб беришга қаратилган. Кореядаги етказиб бериш хизматларининг бўлинмалари ва ҳайдовчилари билан ўтказилган суҳбатлар натижаси шуни кўрсатдики, улар маҳсулотларни ўз манзилига етказиб беришда ҳар кунлик йўналишларни ўзлари мустақил танлар экан. Улар бир марта борган ерга кун давомида яна қайта-қайта боришига тўғри келиши мумкин экан. Янги ишчилар учун бу ҳолатга кўникиш янада қийинроқ кечади. Шунингдек, ҳар куни ортиқча вақт ва ёқилғи сарфланади.

Мен ўзимнинг лойиҳам билан мана шу жараённи автоматлаштиришни таклиф қилдим. Яна ҳам содда қилиб айтганда, ҳозирги кунда кўпчиликка маълум бўлган навигатор қурилмасининг яна ҳам такомиллаштирилган варианти, десак тўғри бўлади.  Аммо унинг энг асосий ва катта фарқи шундаки, у орқали бир вақтнинг ўзида юзлаб манзилларни автоматик тарзда киритиб, энг оптимал йўналишни махсус алгоритм асосида биттада олиш мумкин. Ҳайдовчи эса мана шу осон йўналиш бўйича ҳаракатланиб, маҳсулотларни ўз эгасига янада осонроқ етказиб бериш имконига эга бўлади”, дея қайд этади қаҳрамонимиз ўз ихтироси ҳақида.

Жамшиддин яратган ихтиро ва яна бошқа кўплаб лойиҳалар ҳақида батафсил тез орада Кun.uz учун махсус тайёрланган репортаж орқали танишамиз.

Сеул халқаро ихтиролар кўргазмасини ташкил этишдан асосий мақсад – дунёнинг турли мамлакатларидан қатнашувчи ёш ихтирочиларнинг ўз лойиҳасини очиқ бозорга олиб чиқиши, янги технологиялардан фойдаланиши, муносиб ҳамкорлар ва сармоячиларни топиши, шунингдек, кўргазмада  ўз ишини жаҳонга намоён қилиши учун имкон беришдир.

Эслатиб ўтамиз, "Сеуль халқаро ихтиролар кўргазмаси" 2017 йилда WIPO (Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти) ҳамда IFIA (Халқаро ихтирочилар уюшмалари федерацияси) кўмаги остида ташкил этилди.

Феруза Авазова, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид