Президентнинг афв этиш тўғрисидаги фармонига шарҳ берилди
6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги Фармони имзоланди. ЎзА ушбу фармонга шарҳни тақдим этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигини нишонлаш арафасида Президентимиз томонидан 2 минг 700 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги Фармон имзоланди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асоси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган инсонпарварлик, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олиниши каби умуминсоний принципларни амалга оширишдан иборатдир.
Қонунга риоя қилмаган, бироқ ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга ўз оиласига ва жамиятга қайтиши, ижтимоий мослашиш имкониятининг берилиши ўзбек халқининг кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг амалдаги ёрқин ифодасидир.
Шу пайтгача ҳар йили амнистия тўғрисида ҳужжатлар қабул қилинган. Таъкидлаш жоизки, амнистия озодликка чиқариладиган шахсларнинг аниқ гуруҳини белгиламайди. Амнистия тўғрисидаги актда фақат жиноят турлари кўзда тутилиб, озодликка чиқариладиган шахслар амнистия тўғрисидаги ҳужжат ижросини таъминлаш жараёнида аниқланади.
Амнистия актидан фарқли равишда, афв этиш масаласини ҳал этишдан олдин ҳар бир маҳкумнинг шахси, улар томонидан содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, содир этилиш ҳолатлари ва оқибатлари, етказилган зарарнинг қопланганлиги, шунингдек, жабрланган томон ва жамоатчилик муносабати ҳар томонлама ва пухта ўрганиб чиқилади.
Шу мақсадда 2017 йил 29 сентябрда давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиш қабул қилинди.
Ушбу фармойишга мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг шахсини ўрганиб чиқди.
Ўрганиш жараёнида маҳкум томонидан содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига, унинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигига, жиноят натижасида етказилган зарарнинг қопланганлигига, ёши, соғлигига, оилавий аҳволига ва енгиллаштирувчи бошқа ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, жумладан, маҳкум яшаган маҳалла вакилларининг фикрлари ҳам атрофлича ўрганилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни афв этиш тўғрисида Фармон қабул қилинди.
Ушбу Фармон билан афв этиладиган маҳкумларга тез кунларда ўз оиласига ва жамиятга қайтиб, бундан буён мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш имконияти яратилди.
Мазкур Фармоннинг қабул қилингани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар инсонпарварлик тамойилига асосланганлигини кўрсатувчи яна бир ёрқин далилдир.
Мавзуга оид
14:02
Президент 9 нафар сенаторни тайинлади
12:32 / 22.10.2024
Профтаълим муассасалари техникумларга бирлашяпти – тизимда қандай ўзгаришлар бор?
15:14 / 25.07.2024
Тошкент, Бухоро ва Наманганда заргарлик марказлари ташкил этилади
11:12 / 25.05.2024