Ўзбекистон | 15:00 / 10.12.2017
38603
2 дақиқада ўқилади

Фотолавҳа: Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи шахсий таркибни кўрикдан ўтказди

9 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Бунёдкор стадиони автотураргоҳида ИИББнинг шахсий таркибини кўздан кечириш ва хизмат қилишда юксак натижаларни кўрсатган бир гуруҳ ички ишлар ходимларини мукофотлаш тадбири бўлиб ўтди. 

Тадбирда иштирок этган ШИИББ бошлиғи генерал-майор Баҳодир Қурбоновнинг таъкидлашича, шаҳар ички ишлар ходимлари ҳукумат томонидан қўйилаётган вазифаларни сидқидилдан бажариб, билдирилаётган ишончни оқлаш борасида янада жиддий фаолият кўрсатиши лозим. 

“Яқинда, 24 декабрда Тошкент шаҳар ва туман кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Ундан сўнг халқимиз интиқлик билан кутаётган ва кенг нишонлайдиган Янги йил байрами тантаналари бўлиб ўтади. Шаҳар аҳолиси сайловни ва байрамни тинч-осойишта ўтказиб олиши ички ишлар идораларига янада жиддий масъулият юклайди”, - деди генерал-майор Баҳодир Қурбонов.

Тадбирда шаҳар ИИББ ходимларининг бир гуруҳини хизмат фаолиятини амалга оширишдаги хизматларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Улар ШИИББ томонидан моддий мукофотлар билан рағбатлантирилди.

Хусусан, яқинда Тошкент руҳий касалликлар шифохонасидан қочган 3 нафар хавфли жиноятчини аҳолига зиён-заҳмат етказмасдан ушлашда жонбозлик кўрсатган ходимлар, Бектемир туманидаги қотиллик жиноятини фош этган бир гуруҳ жиноий-қидирув бошқармаси вакиллари ҳамда бошқа ички ишлар идоралари вакиллари мукофотландилар.

Шундан сўнг, Тошкент ШИИББ бошлиғи шаҳар ички ишлар идоралари шахсий таркибини кўздан кечирди. Унда шаҳар ИИББ таркибига келтирилган янги техникалар намойиши ҳам бўлиб ўтди.

 

Мавзуга оид