Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг қарори билан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар сертификатларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги 864-сон “Тадбиркорлик субъектларига фақат “ягона дарча” тамойили бўйича ягона марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатига қўшимча киритиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қарор қилдилар:
1. Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар сертификатларини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланди.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар сертификатларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, “Ягона дарча” марказлари орқали электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар калитлари сертификатларини бериш “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар сертификатларини бериш” давлат хизмати сифатида кўрсатилади.
Ушбу давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали амалга оширилади
ЭРИ калитларини рўйхатга олиш ва ЭРИ калитларининг сертификатларини бериш ваколатли орган томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг “ягона дарча” марказлари орқали берилган аризаларига асосан ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилган аризаларига асосан амалга оширилади.
“Ягона дарча” марказлари ҳамда ваколатли орган ўртасидаги ҳаракатлар ЭРИдан фойдаланилган ҳолда идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими орқали амалга оширилади.
ЭРИ калитларининг сертификатларини бериш учун тўлов миқдори ваколатли орган томонидан оммавий оферта билан белгиланади.
ЭРИ калитларининг сертификатларини бериш учун тўлов суммаси ваколатли органнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади ҳамда унинг 10 фоизи ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг махсус очилган шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади.
Ваколатли орган реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар “ягона дарча” марказлари ва ваколатли органнинг расмий сайтларида жойлаштирилади ҳамда мунтазам равишда янгилаб борилади.
Аризачи ЭРИ калити сертификатини бериш тўғрисидаги аризани ваколатли органнинг оммавий офертаси билан олдиндан танишганидан сўнг, “ягона дарча” марказига ҳозир бўлиш тартибида ёки почта алоқаси воситасида тақдим этади. Ягона портал орқали электрон шаклда берилган ариза ваколатли органга тўғридан тўғри юборилади.
Аризачининг аризани тақдим этиши ваколатли органнинг оммавий офертасида белгиланган шартларга розилигидан далолат беради.
“Ягона дарча” маркази ЭРИ калити сертификатини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилганидан сўнг уни бир иш соати мобайнида қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли органга идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими орқали юборади.
Ваколатли орган “ягона дарча” марказидан аризани қабул қилиб олган вақтдан бошлаб бир иш соати мобайнида аризани кўриб чиқади, ЭРИ калитининг сертификатини беради ёки ЭРИ калитининг сертификатини беришни асосли равишда рад этади.
Ваколатли орган аризани кўриб чиқишнинг ижобий натижаларига асосан ЭРИ калитларини рўйхатга олади ва ЭРИ калитининг сертификатини расмийлаштиради.
ЭРИ калити сертификатининг электрон ҳужжат шакли “ягона дарча” марказига идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими орқали юборилади.
ЭРИ ёпиқ калитининг пароли ваколатли орган томонидан аризада кўрсатилган мобиль телефон рақамига смс хабар шаклида юборилади.
“Ягона дарча” маркази ваколатли органдан ЭРИ калитининг сертификатини қабул қилиб олган вақтдан бошлаб аризачини бир иш соати мобайнида қонунчиликда белгиланган тартибда хабардор қилади.
ЭРИ калити сертификатини олиш учун ЭРИ ёпиқ калитининг эгаси “ягона дарча” марказига қуйидагиларни тақдим этади:
агар ЭРИ ёпиқ калити эгаси юридик шахснинг вакили (юридик шахснинг раҳбари бундан мустасно) бўлса, ЭРИ ёпиқ калити эгасининг фамилия, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилган ҳамда ушбу ЭРИ ёпиқ калити эгасига ЭРИ калитларини ва ЭРИ калитининг сертификатини бериш тўғрисидаги юридик шахснинг хати;
ЭРИ калитларини ва ЭРИ калитининг сертификатини электрон ҳужжат шаклида ёзиб қўйиш ва сақлаш учун ўзга маълумотлар манбасини.
“Ягона дарча” маркази ходими ЭРИ калитларини ва ЭРИ калитининг сертификатини ЭРИ ёпиқ калити эгасига бериш вақтида қуйидагиларни амалга оширади:
ЭРИ ёпиқ калити эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорт, фуқаролиги бўлмаган шахснинг гувоҳномаси, хорижий шахснинг гувоҳномаси) асосида унинг шахсини аниқлайди;
таркибида рўйхатга олинган ЭРИ калитлари ва электрон ҳужжат шаклидаги ЭРИ калитининг сертификати бўлган файлни аризачи томонидан тақдим этилган ўзга маълумотлар манбасига ёзиб қўяди ва файлнинг ёзилганлигини текширади;
ЭРИ калитининг сертификатини қоғоз ҳужжат шаклида икки нусхада чоп этади ва ЭРИ ёпиқ калити эгасига ҳар бир нусхасини имзолаш учун беради;
ЭРИ ёпиқ калити эгаси томонидан имзоланган ЭРИ калитининг сертификати бир нусхасини қайтариб олади.
“Ягона дарча” маркази ходими ЭРИ калитининг сертификатини ЭРИ ёпиқ калити эгасига бериш жараёнида аризачи томонидан тақдим этилган ўзга маълумотлар манбасидаги маълумотларга ўзгартириш киритиши, улардан нусха олиши ва ўчириши ҳамда ЭРИ ёпиқ калити эгасидан ЭРИ ёпиқ калити паролини сўраб олиши тақиқланади.
Ваколатли орган томонидан ЭРИ калитининг сертификатини беришни рад этишга қуйидагилар асос бўлиши мумкин:
аризачининг ҳужжатларни зарур тарзда расмийлаштирмай тақдим этиши;
аризачи тақдим этган аризада нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;
ЭРИ калитининг сертификатини бериш учун тўлов амалга оширилмаганлиги.
Бошқа асосларга кўра, шу жумладан, ЭРИ калитининг сертификатини бериш мақсадга мувофиқ эмас деган сабаблар билан рад этишга йўл қўйилмайди.
Ваколатли орган ЭРИ калитининг сертификатини беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномани унинг аниқ асосларини, рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этиш муддатларини ва қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда “ягона дарча” марказига ариза “ягона дарча” марказидан қабул қилиб олинган вақтдан бошлаб бир иш соати мобайнида юборади. Агарда аризачи томонидан ариза ваколатли органга тўғридан тўғри Ягона портал орқали келиб тушган бўлса, ЭРИ калитининг сертификатини беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома аризачининг ўзига Ягона портал орқали ариза қабул қилиниб олинган вақтдан бошлаб бир иш соати мобайнида юборилади.
“Ягона дарча” маркази ваколатли органдан ЭРИ калитининг сертификатини беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома олинган вақтдан бошлаб бир иш соати мобайнида аризачини қонунчиликда белгиланган тартибда хабардор қилади.
ЭРИ калитининг сертификатини беришнинг рад этилишига асос бўлган сабаблар аризачи томонидан бартараф этилган тақцирда, аризани қайта кўриб чиқиш аризачи томонидан “ягона дарча” марказига ёки Ягона портал орқали ваколатли органга рад этилишига асос бўлган сабабларни бартараф этган ҳолда тақдим этилган ариза олинган вақтдан бошлаб мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
Аризани қайта кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан ЭРИ калити сертификатини беришни илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишига йўл қўйилмайди.
Аризачи ваколатли органнинг ЭРИ калитининг сертификатини беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномаси, шунингдек ваколатли орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.
ЭРИ калитининг сертификатини бошқариш тўғрисидаги ариза “ягона дарча” марказига ҳозир бўлиш тартибида берилади.
ЭРИ калитининг сертификатини бошқариш тўғрисидаги ариза билан бирга қуйидагилар тақдим этилади:
агар ЭРИ ёпиқ калити эгаси юридик шахснинг вакили (юридик шахснинг раҳбари бундан мустасно) бўлса, ЭРИ ёпиқ калити эгасининг фамилия, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилган ҳамда ЭРИ калитининг сертификатини бошқариш тўғрисидаги юридик шахснинг хати.
ЭРИ калитининг сертификатини бошқариш тўғрисидаги аризани қабул қилиш вақтида “ягона дарча” марказининг ходими қуйидагиларни амалга оширади:
агар ЭРИ ёпиқ калити эгаси жисмоний шахс ёки юридик шахснинг раҳбари бўлса, шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорт, фуқаролиги бўлмаган шахснинг гувоҳномаси, хорижий шахснинг гувоҳномаси) асосида унинг шахсини аниқлайди.
“Ягона дарча” маркази ЭРИ калитининг сертификатини бошқариш тўғрисидаги аризани қабул қилгандан сўнг уни бир иш соати мобайнида ваколатли органга юборади.
Ваколатли орган “ягона дарча” марказидан ЭРИ калитининг сертификатини бошқариш тўғрисидаги аризани қабул қилиб олган вақтдан бошлаб бир иш соати мобайнида аризани кўриб чиқади ва аризада кўрсатилган ЭРИ калитининг сертификати билан зарур бўлган ҳаракатларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.
ЭРИ калитининг сертификатини бошқариш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари ва ЭРИ калитининг сертификати билан амалга оширилган ҳаракатлар ҳақидаги маълумотлар ваколатли орган томонидан “ягона дарча” марказига электрон ҳужжат шаклида юборилади.
“Ягона дарча” маркази ЭРИ калитининг сертификати билан амалга оширилган ҳаракатлар ҳақидаги маълумотлар олинган вақтдан бошлаб бир иш соати мобайнида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аризачини хабардор қилади.
“Ягона дарча” маркази қоғоз ҳужжат шаклидаги ЭРИ калитининг сертификатини электрон кўринишда ваколатли органга идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими орқали юборади.
Ваколатли орган қоғоз ҳужжат шаклидаги ЭРИ калитларининг сертификатларини сақлаш учун “ягона дарча” марказларидан ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ Электрон рақамли имзолар сертификатлари реестри бўйича ҳар чоракда чорак ўтгандан кейинги ойнинг 25 санасигача қабул қилиб олади.
Ваколатли орган “ягона дарча” марказларининг ходимларига ушбу Низомда назарда тутилган ҳаракатларни амалга ошириш учун ЭРИ калитлари ва ЭРИ калитларининг сертификатларини ҳудудий адлия бошқармаларининг хатлари асосида бепул равишда беради.
“Ягона дарча” марказларининг ходимларига ЭРИ калитлари ва ЭРИ калитларининг сертификатларини бериш ваколатли органнинг ходими томонидан жойларда ёки ваколатли органда амалга оширилади.
Ваколатли орган томонидан “ягона дарча” марказлари ходимларининг ЭРИ калитлари сертификатларини бошқариш ҳудудий адлия бошқармаларининг хатлари ва ЭРИ калитлари сертификатларининг нусхалари асосида амалга оширилади.
Мавзуга оид
07:34 / 25.07.2023
Ҳукумат давлат муассасалари тўғрисидаги низомни тасдиқлади
16:13 / 27.06.2023
ОАВни қўллаб-қувватлаш бўйича 5 та низом тасдиқланди
09:11 / 03.08.2022
Ўзбекистонда ходимни хизмат сафарига юборишнинг янги тартиби белгиланди
07:35 / 01.03.2022