Ўзбекистон | 22:45 / 20.12.2017
84138
2 дақиқада ўқилади

Янги йилдан Ўзбекистонда таксичилар патент асосида фаолият кўрсатиши мумкин

Ўзбекистонда жисмоний шахсларга 2018 йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширишига рухсат берилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Сенатининг 13-ялпи мажлисида маъруза қилган бош вазир ўринбосари — молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Ушбу тартиб тегишли лицензия олган, ўриндиқ жойлари 4 йўловчидан ортиқ бўлмаган таксиларга нисбатан татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.

Вазирнинг айтишича, мазкур таклиф президентнинг солиқлар йиғишни ошириш, даромадларни қонунийлаштириш, қўшимча захираларни аниқлаш доирасида берган топшириқларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Шунингдек, тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг ўрнатилган базавий миқдоридан ошган суммасига 10 фоиз миқдорида ягона ижтимоий тўловнинг пасайтирилган ставкасини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Бунда базавий иш ҳақи фонди сифатида ўтган йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

Мавзуга оид