“Арвоҳ-машина” ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини ўйлантириб қўйди (видео)
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари йўлнинг қатнов қисмида тўсатдан пайдо бўлган “Шевроле Нива” машинасининг видеоси борасида турли фикрлар билдирмоқдалар. Ролик “ВКонтакте" ижтимоий тармоғидаги Barnaul 22 саҳифасида жойлаштирилган.
Видеорегистратори бўлган машина йўлда кетаётиб, чапга бурилмоқчи бўлганда қарама-қарши йўналишдан “ғойибдан пайдо бўлгандек” “Нива” машинаси чиқиб келган. Гап шундаки, бунгача “Нива” умуман кўринмаган. Роликка берилган изоҳда воқеа Россиянинг Барнаул шаҳрида юз бергани айтилган.
Фойдаланувчилар ушбу ҳолат юзасидан турли фикрлар билдиришган: баъзилар “Нива”ни “арвоҳ-машина” деб аташган бўлса, бошқалар эса машина йўл четидан қўзғалиб, секин юра бошлагани сабабли кўринмаганини айтишган. “Машинани чорраҳага кирмагунича умуман кўрмадим, арвоҳ шекилли”, деб фикр билдирган бир фойдаланувчи. Яна бир фойдаланувчи машинани “Учар голланд” деб атаган.
Баъзилар, шунингдек, ҳайдовчи чапга бурилаётганда йўл бўшлигига ишонч ҳосил қилиш учун тўхтамаганини танқид қилишган. Баъзилар эса “Нива”нинг кўринмаганига туман ёки қарама-қарши йўналишдан келаётган машиналар чироқларидан тушаётган шуъла сабаб бўлиши мумкинлигини айтишган.
Бироқ кўпчилик фойдаланувчилар автомобиль чорраҳа яқинида жойлашган автобус бекатидан чиқиб, секин-аста тезлашишни бошлагани сабабли кўринмаган бўлиши мумкинлигини айтишган.