Жамият | 14:31 / 26.12.2017
28192
3 дақиқада ўқилади

«Нохолислик кимга керак?» - Тошкент шаҳар ҳокимияти

Фото: Depositphotos

Яқинда “Озодлик радиоси” сайтида “Ислом тараққиёт маркази" қуриладиган жойдаги уйлар куч билан бузиб ташланди” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимияти веб-сайти. Қайд этилишича, унда “Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Ҳазрати Имом масжиди атрофидаги хонадон эгаларининг шикоят қилишича, 19 декабрь куни бир неча хонадон куч билан бузиб ташланди” сингари жумлалар мавжуд.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, шаҳар ҳокимининг 2017 йил 12 июндаги 749-сонли қарорига асосан Олмазор тумани Хастимом мажмуасидан Зарқайнар ва Қорасарой кўчалари оралиғида жойлашган масофада нотурар ва турар-жой бинолари босқичма-босқич бузилиши белгиланган. Шунингдек, қарорда нотурар ва тураржой бинолари бузилишга тушган юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарар турини ва миқдорини қоплаш бўйича комиссия хулосасини Тошкент шаҳар ҳокимлигига тақдим этиш назарда тутилган.

Уйлари бузилишга тушган фуқароларга Олмазор тумани ҳокимлиги томонидан қонун доирасида кафолат хатлари юборилиб, уларни уй билан таъминлаш борасидаги ишлар амалга оширилган. Уй эгалари ҳам уларга бузилган хонадонлари ўрнига берилаётган уйлар бўйича эътирозлари йўқлиги ҳақида ариза ёзиб берган. Кафолат хатларида турар жойи бузилишга тушган фуқаролар уни олгандан сўнг беш кун муддат ичида уйни бўшатиб бузиш ишларини бошлаш ҳақида огоҳлантирилган.

Таъкидланишича, мақолада келтирилган Хатира Алимовага ҳам 2017 йил 30 ноябрдаги 01-620-сонли Кафолат хати тақдим этилган ва унинг ёзма розилигига асосан 1 хонали Олмазор тумани Қора қамиш 1/1 даҳаси, 23-уй, 43-хонадон ажратиб берилган. Хатира Алимова рўйхатда турган Олмазор тумани Зарқайнар 14-берк кўчаси 98-уйда 6 та оила доимий рўйхатда бўлиб, шундан 3 та оила доимий яшаб келган. Хатира Алимованинг ўғиллари Б.А.Кулманов ва Ғ.Р.Ходжаевларга ҳам Юнусобод тумани Шаҳристон кўчаси ҳамда Олмазор тумани Юнусова кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан хонадонлар ажратиб берилгани айтилади.

Мавзуга оид