Фан-техника | 16:27 / 28.12.2017
20715
2 дақиқада ўқилади

Xiaomi Apple устидан кулиб, iPhone X функциясини кўчириб олди

Фото: РИА "Новости"

Хитойнинг Xiaomi компанияси iPhone X’нинг бошқарувни имо-ишора ёрдамида амалга ошириш функциясини кўчириб олди. Смартфон билан ўзаро ҳаракатнинг янги усули MIUI 9 прошивкасининг бета-нусхасида мавжуд, деб ёзмоқда Phonearena нашри.

Тизимнинг синов версиясида имо-ишоралар Mi Mix ва Redmi 5 серияли қурилмаларда бор. Масалан, иловани ёпиш учун бармоқ билан экраннинг пастки чегарасидан юқорига қараб юритиш керак. Кўп вазифаликни чақириш учун эса экран пастига тегиш лозим, бироқ бармоқни бир сонияга ушлаб туриш талаб этилади.

Фойдаланувчилар дастурларга тезлик билан киришлари ҳам мумкин, бу экран марказига чапдан ёки ўнгдан ишора қилиш билан амалга ошади. iPhone X’да ҳам худди шундай бошқарув ишоралари қўлланилади, сабаби смартфон Home тугмачасини йўқотди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь бошида, Mi Mix 2 тақдимоти вақтида Xiaomi Жанубий Кореянинг Samsung ва Американинг Apple компанияси устидан кулганди. Хитой компанияси слайдлардан бирида смартфонларни фойдаланувчилар юзи кўринишида тасвирлади, ундаги сочлар ва соқол эса дисплей атрофидаги рамкаларни билдирган.

Мавзуга оид