Жаҳон | 08:03 / 29.12.2017
12505
2 дақиқада ўқилади

Зимбабвенинг собиқ президентига қандай имтиёзлар берилиши маълум қилинди

Фото: AP

Зимбабве ҳукумати мамлакатни 37 йилдан кўпроқ бошқаргандан кейин истеъфога чиққан собиқ президент Роберт Мугабега тақдим қилинадиган имтиёзлар ҳақида расман маълумот берди. Бу ҳақда Herald нашри хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, собиқ президентга камида 6 нафар тансоқчи, 2 нафардан ҳайдовчи, шахсий котиб, ёрдамчи ва офис ходими тақдим қилинади. Мугабе ихтиёрига Зимбабве пойтахти Хараренинг исталган жойида тўлиқ жиҳозланган идора топширилади.

Агар Мугабега шахсий қароргоҳ керак бўлса, бунинг учун ажратиладиган ер майдони 5 минг квадрат метрдан ошмаслиги керак. Уй 5 та ётоқхона, яна 3 та ётоқхонага эга меҳмонлар учун қисм, сув ҳавзаси, қоровуллар учун 2 та хона ва 2 та гаражга эга бўлиши лозим. Қароргоҳда хизмат қилувчи ходимлар камида 3 нафар уй хизматкори, 2 нафардан боғбон, ошпаз, официант ва кир ювувчидан иборат  бўлиши лозим.

Бундан аввалроқ, собиқ президентга 150 минг долларлик пенсия тайинланиши, шунингдек, яна 10 млн доллар бўлиб-бўлиб тақдим қилиниши маълум қилинганди.

93 ёшли Мугабе ҳарбийлар ва мамлакатдаги етакчи партия раҳбарияти босими остида ноябрь охирида истеъфога кетди. Унинг ўрнини собиқ вице-президент Эммерсон Мнангагва эгаллади.

Мавзуга оид