Ҳоким ўзгаларни дўппослаётганини видеога олиш мумкинмасми? Қонунлар бунга нима дейди?
Аввалроқ Сирдарё вилояти прокуратурасининг маълумотларига асосланиб, Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси ва 183-моддаси билан маъмурий ишлар қўзғатилгани ва улар кўриб чиқиш учун 2017 йил 28 декабрда маъмурий ишлар бўйича Сайхунобод туман судига юборилгани тўғрисида маълумот берган эдик.
Эътиборли томони вилоят прокуратурасининг берган маълумотида айтилишича, Сайхунобод туман ҳокими Н.Эгамбердиев ҳам туман прокурори номига ариза билан мурожаат этиб, унда 28 август 2017 йилда туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишдан сўнг, уни тумандаги таълим муассасалари раҳбарларини туманда ўтказилган мустақиллик байрамига қўл остидаги ходимларни маданий ҳордиқ чиқариш учун олиб келмаганликлари сабабли, уларни ҳақоратлаб, қўл теккизгани ҳолатини яширин равишда видео тасвирга олиб, оммавий ахборот воситаларига чиқариб юбориб, уни обрўсига путур етказган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Текшириш натижаси бўйича Сайхунобод саноат касб-ҳунар коллежи директори К.Раҳмоновнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 46-моддасида назарда тутилган фуқароларга маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш, яъни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий зарар етказадиган маълумотларни ошкор этиш ҳуқуқбузарлиги аломатлари мавжуд бўлганлиги аниқланган.
Шундан сўнг, Сайхунобод саноат касб-ҳунар коллежи директори Комилжон Раҳмоновга нисбатан МЖтКнинг 46-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун маъмурий ишлар бўйича Сайхунобод туман судига юборилди. Эндиликда унга энг кам ойлик иш ҳақининг 2 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Прокуратуранинг ушбу баёнотидан кейин KUN.UZ таҳририятида бир қанча саволлар туғилмоқда.
1) Демак, бир ҳуқуқбузарнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини видеога олиб, уни ОАВга етказса, яъни айтайлик жиноят ҳақида хабар берса, ўша хабар берган одам ҳам жазога тортилар эканда?!
2) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-моддасига эътибор қилсак, тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операциялари ва жамғармалар сирларини, худди шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни ошкор этиш ҳаракати маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиши қайд этилган.
Энди айтингчи, ҳокимнинг директорларни дўппослаши унинг ҳуқуқими? Ёки эркинлигими? Балки қонуний манфаатлари демоқчидирсиз? Агар ўзгаларни калтаклаш на ҳуқуқ, на эркинлик, на қонуний манфаат ҳисобланмаса, унда прокуратура қандай асосларга кўра, видеога олган коллеж директорини айбдор деб топди? Ахир коллеж директор ҳокимнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳеч қандай зарар етказмади-ку.
3) Ҳар қандай соғлом ақл эгасига кўриниб турибдики, коллеж директори ўзига бўлаётган муқаррар хавфни тасвирга олган. Ахир бир муштумзўр ҳоким 1-2 дақиқадан кейин ўзини ҳам калтаклагани келиши кундек равшан бўлиб турганда, нима учун директор бу ҳолатни видеога олмаслиги керак? Эртага ҳеч кимга арз қила олмаслиги, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиши учунми? Қачондан буён ўзини дўппослаётган зўравонларнинг хатти-ҳаракатини видеога олиш ва уни ОАВга тақдим қилиш ҳуқуқбузарлик бўлиб қолди?
4) Facebook ижтимоий тармоғидаги бир қанча гуруҳларда, хусусан “Водители Ташкента” гуруҳида кўпчилик гуруҳ аъзолари ўз машиналаридаги видеорегистраторга ёзиб қолдирилган бошқа бир ҳайдовчиларнинг қонунни очиқдан-очиқ менсимаслиги акс этган лавҳаларни эълон қилишади. Қайсидир қоидабузар ҳайдовчи “мени қизил светофорда ўтганимни” ёки “мени одам уриб юборганимни эълон қилди” деб ариза берса, унда ўша видеони тармоққа юклаган шахс ҳам жазога тортиладими? Ўзбекистон қонунчилигида бунақа амалиёт мавжуд бўлса, унда жиноятчиларга мазза эканда?!
5) Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси жорий йилдан бошлаб матбуотда турли маълумотларни эълон қилишда жуда фаоллиги билан бошқа давлат ташкилотларидан алоҳида ажралиб турибди. Бош бошқарма ҳар куни ўз расмий сайтида жиноятда гумон қилинаётганларнинг (суд ҳукми билан айбдор деб топилганларнинг эмас) расми ва исмлари билан бериб бораётгани жиноятчиликни олдини олиш бўйича зарур профилактика ишлари сифатида баҳоланмоқда. Агар Сайхунобод прокуратурасининг мантиғига ишонадиган бўлсак, унда Тошкент шаҳар ИИББ ҳам фуқароларга маънавий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ОАВда эълон қилишяптими? Агар шунақа бўлса, унда нима учун улар жавобгарликка тортилмаяпти? Агар бунақа бўлмаса, унда нима учун коллеж директорини жавобгарликка тортишмоқчи? Ёки Тошкент шаҳар ИИББ қилган иш профилактика, директор қилган иш қонунбузарликми? Ўзбекистонда қонунларга аниқ ва бир хилда амал қилиниши керак, шекилли?
6) Агар ўзганинг қонунбузарлиги акс этган видеони чоп этиш учун жазо бор бўлса, унда нима учун Миллий телерадиокомпания жазоланмаяпти? Ахир журналистларнинг фаоллиги эвазига ТВда ҳар куни шу каби видеолар кўп эълон қилиняптику. Масалан, Фарғонада ўқувчиларни урган ўқитувчи, ўз қизини урган ота ва яна бир қанча видеолар эълон қилинди. Айтишингиз мумкин, ТВ уларни видеога олмаган, шунчаки эълон қилган деб. Лекин маъмурий жавобгарлик айнан эълон қилиш учун белгиланади, видеога олганлик учун эмас. Яна ўша савол: агар Сайхунобод прокуратурасининг мантиғига ишонадиган бўлсак, унда МТРК ҳам маъмурий жавобгарликка тортилиши керакми?
Хуллас, саволлар кўп, жавоблар бўлармикин? Агар ҳозир биз ўша коллеж директорини ҳимоя қилмасак, эртага Сайхунобод ҳокимига ўхшаш айрим раҳбарлардан азият чеккан халқ вакилларининг дарди ичида юраверади, гапирсам, ошкор қилсам жазога тортилар эканман деб бундай ҳуқуқбузарликларга ҳамма кўз юмади. Бу келгусида салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович 22 декабрь куни йўллаган мурожаатларида юртимизда жамоатчилик назоратини кучайтириш, халқнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, раҳбарларнинг амалда халққа хизмат қилишини ташкил қилиш, энг асосийси қарорлар чиқаришда АДОЛАТ, АДОЛАТ ва яна АДОЛАТли бўлиш ҳақида жон куйдириб гапираётган бир пайтларида ҳудудларда бундай антиқа қарорлар чиқарилаётгани мантиқдан эмас.
Мавзуга оид
09:56 / 15.04.2024
Президент сирдарёлик боғбонга Tracker автомашинасини совға қилди
20:47 / 14.03.2024
Мақсадимиз халқнинг даромадини ошириш, бой қилиш — Шавкат Мирзиёев
08:50 / 01.11.2023
Сайхунобод туманига янги ҳоким тайинланди
15:57 / 22.05.2021