Фан-техника | 16:40 / 31.12.2017
30046
2 дақиқада ўқилади

Telegram’да бир вақтда бир нечта аккаунтдан фойдаланиш имкони пайдо бўлди

Telegram iOS ва Android учун иловани янгилади. Бу ҳақда компания блогида айтилган.

iOS учун версияда 4та алмашувчи мавзулар (тема) пайдо бўлган, шундан иккитаси «тунги» қора рангли мавзулар. «Кундузги» мавзулар ҳам илованинг асосий рангини ўзгартира олади, бу ўзгариш хабарлар ёзиш қисмида рўй беради.

Android фойдаланувчилари эса мазкур мессенжерда энди бир нечта рақамлар орқали аккаунтлар очиб, уларни битта иловада ишлатиш имкониятидан фойдаланишлари мумкин.

Бу функция ҳозирча мессенжернинг Android тизимли қурилмаларга мўлжалланган бета-версиясидагина мавжуд. Ушбу иловани мана бу ҳавола орқали мессенжердаги Telegram Beta Blog каналидан кўчириб олиб ўрнатиш мумкин. Бунда у Play Маркет орқали ўрнатилган стандарт Telegram иловасининг ўрнига жойлашади.

Ушбу бета-талқиндаги клиентни ўрнатиб олгач, унга учтагача аккаунт қўшишингиз мумкин бўлади. Меню орқали уларнинг биридан бошқасига ўтиш имкони тақдим этилади.

Илованинг интерфейси мавзуси барча аккаунтлар учун битта бўлади, ҳар бири учун алоҳида мавзу ўрнатиш имкони йўқ. Бошқа созламалар эса битта Telegram иловасидаги ҳар бир аккаунт учун алоҳида созланади.

Фото: скриншот

Telegram орқали янги хабар келгани ҳақида смартфон экрани юқорисига чиқувчи билдиришномаларда хабарнинг қайси аккаунтга келгани ҳам акс этади. Бу эса аккаунтларда чалкашликларнинг олдини олади.

Шунингдек, икки платформа ҳам (iOS ва Android) хабарларга тезкор жавоб қайтариш имконияти билан таъминланди — бунинг учун экранни чапга юргизиш керак бўлади.

Мавзуга оид