Тожикистон прокуратураси Хўжанддаги паловга нима солинганини маълум қилди
Суд-тиббий экспертизанинг кўрсатишича, Хўжанд шаҳридаги 19-кичик туманда истиқомат қилувчи тўрт нафар шахс нитрат натрийдан заҳарланиш натижасида вафот этган. Бу ҳақда шаҳар прокуратураси 2 январь куни хабар берди.
Терговчиларнинг сўзларига кўра, паловни тайёрлаш чоғида «натрийли селитра» ёки «чили селитраси» деб аталувчи нитрат натрийдан фойдаланилган.
«Фожиа жойида бу модда қолдиқлари бўлган кичик қутича топилди. Натрийли селитранинг ўлимга сабаб бўлган дозаси ҳаётдан кўз юмганлар организмидан топилди», - дея хабар берди Хўжанд прокуратурасидаги манба.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича Тожикистон Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳалок бўлганлар орасида – 57 ёшли Маъруф Алиев, 67 ёшли Комил Зоиров, 52 ёшли Комил Бадриддинов, 56 ёшли Носир Тоиров бор. Заҳарланганларнинг барчаси шаҳардаги 19-кичик туманда жойлашган уйларнинг бирида истиқомат қилганлар.
Натрий нитрат (NaNO3) – рангсиз шаффоф кристаллар бўлиб, ҳиди йўқ, шўр таъмга эга. Ушбу модда озиқ-овқат, шишасозлик, металлни қайта ишлаш саноати, шунингдек портловчи моддалар, ракета ёқилғиси ва оловга сариқ ранг бериш учун пиротехник қоришмаларда фойдаланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хўжандда паловдан заҳарланганлар сони ортаётгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024
Тожикистонда Counter Strike ва GTA видеоўйинларини тақиқлаш таклиф қилинди
15:00 / 19.10.2024
Тожикистонда КХШТ машғулотларининг фаол босқичи бўлиб ўтмоқда
22:55 / 12.10.2024