Жаҳон | 20:04 / 07.01.2018
29977
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Пхеньяннинг имкониятларини етарлича баҳоламаганини тан олди – ОАВ

Фото: Корея Марказий ахборот агентлиги

АҚШ махсус хизматлари Шимолий Кореянинг ракета-ядровий дастурини ривожлантиришдаги имкониятларини етарлича баҳоламаганларини тан олдилар. Бу ҳақда хавфсизлик хизматлари ва ҳукуматдаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда The New York Times нашри хабар бермоқда.  

Разведка хизматлари Дональд Трампга президентлигининг бошида Шимолий Кореяда АҚШ ҳудудига ета оладиган ракетани яратиш жараёни 4 йилгача вақт олишини ва бу уларга бу жараённи секинлаштириш ёки умуман барбод қилиш учун етарлича вақт беришини маълум қилишган.  

Бироқ ярим йил ўтиб Шимолий Корея Япониянинг Хиросима шаҳрига ташланган бомбадан 15 марта кучлироқ бўлган водород бомбасини муваффақиятли синовдан ўтказган. Нашрнинг таъкидлашича, Пхеньян, шунингдек, ракеталари АҚШнинг Гуам оролига, сўнгра мамлакатнинг ғарбий соҳилларига етиб бора олишини намойиш қилди.    

Нашр маълумотларига кўра, АҚШ разведкасининг Пхеньяннинг ютуқларини олдиндан тўғри айтиб бера олмагани Шимолий Кореяга бундай қуролни яратиш учун бошқа давлатларга совуқ уруши даврида кетган вақт кетади, деб ўйлаши билан боғланган. Махсус хизматлар Шимолий Корея хорижий ишланмалардан фойдалана олиши мумкинлигини ҳисобга олишмаган ва у томондан 2016 ва 2017 йилларда кўплаб ракета синовлари ўтказилганига етарлича эътибор беришмаган. АҚШ маъмурияти ва махсус хизматларининг амалдаги ва собиқ ходимлари бу ҳолатни “Американинг энг йирик хатоси” деб аташмоқда. 

Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Герберт Макмастернинг айтишича, Трамп махсус хизматларнинг бу хатосидан ташвишланмаяпти ва “имкониятлар ва истаклар борасида мукаммал разведканинг иложи йўқлигини тушунмоқда”. Нашрнинг таъкидлашича, амалдаги президент олдида ундан аввалги президентлар ҳам дуч келган муаммо турибди, бироқ унда бу муаммони ҳал қилиш учун вақт анча зиқроқ.

Мавзуга оид