Ўзбекистон | 22:24 / 07.01.2018
123844
2 дақиқада ўқилади

Банкоматдан пул ечиб олиш миқдори оширилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган айрим акциядорлик тижорат банклари банкоматлари орқали банк пластик карточкаларидаги маблағларни кунлик нақд пул кўринишида ечиш чеклови 300 минг сўмгача оширилди. 

Kun.uz ахборот манбасининг хабар қилишича, баъзи банкларга тегишли банкоматлар орқали маблағларни нақдлаштиришдаги кунлик чекловлар умуман бекор қилинган. Маълум қилинишича, бундай амалиёт тижорат банклари томонидан мустақил бажарилиб, мазкур чеклов турлича кўринишда бўлиши мумкин. Айни чоғда, ушбу хизматдан фойдаланишда нақдлаштирилиши назарда тутилган сумманинг 1 фоизи миқдорида комиссия тўлови ушлаб қолиниши жорий қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурининг ижроси юзасидан Ўзбекистон Банклар ассоциацияси тижорат банклари билан биргаликда амалдаги банк хизматларига белгиланган тарифларни қайта кўриб чиқ​қанди. Шунингдек, Марказий банкнинг тавсиявий тариф режаларида банк пластик карталар орқали банкоматлардан банк пластик карточкасидаги маблағларни нақдлаштиришда комиссия тўлови олинмаслиги талаби 2017 йил 12 декабрдан расман бекор қилинган.

Мавзуга оид