Янги даража: меҳмонхоналар учун давлат стандарти ишлаб чиқилди
Сифатга бўлган талаб давлат соҳа стандартлари ва корхоналар стандартлари каби меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва меъёрий-техник ҳужжатларда белгиланади ва қайд этилади. Бундай стандартларнинг жорий қилиниши корхоналарнинг муваффақиятли фаолият кўрсатиши ва ривожланишига хизмат қилади, деб ёзади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расми сайти.
Туризм фаолиятига оид объектларни баҳолашда кўпинча бир қанча номутаносибликлар аниқланади. Айрим меҳмонхоналарда давлат тилини билмайдиган ходимлар учрайди, бошқасида — чойшаблар рисоладагидек тахланмаган ёки уларнинг кўриниши талабга жавоб бермайди. Кўпинча кадрлар халқаро талабларга жавоб бермайди, ақалли бирорта хорижий тилни билмайди, меҳмонни маданият ва хушмуомалалик билан кутиб олиш кўникмасига эга эмас. Меҳмонхонага берилган класс кўпинча унинг аслиятига мос келмайди ва ҳеч қандай асосга эга бўлмайди.
Шу сабабли стандартлар ишлаб чиқиш туризмни ривожлантиришда улкан роль ўйнайди. Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази» ДУК Oʻz DSt3220:2017 «Туристик хизматлар. Жойлаштириш воситалари. Умумий талаблар» Ўзбекистон Республикаси давлат стандартини ишлаб чиқди. Стандарт ГОСТ 28681.3–95 ва ГОСТ 28681.4-95 каби эски стандартлар билан муштараклаштирилган ва 2018 йил 1 январидан амал қила бошлади. Марказ ушбу стандартни қўллаш бўйича барча саволларга жавоб бериш ва кўмак кўрсатиш учун тайёр.
Марказ ишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июндаги №355-сонли «Туроператор ва меҳмонхона хизматларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори муҳим роль ўйнади. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Туризм ҳақида» ва «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш ҳақида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги ПФ–4861 сонли «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, Президентнинг 2016 йил 2 декабрдаги ПҚ–2666 сонли «Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини сертификатлаштириш ва инспекция назорати тартибини белгилаб беради.
Марказ ҳам амалий, ҳам назарий характердаги ёрдамни кўрсата олади. Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси иш услубини тўлиқ ўзгартирмоқда ҳамда туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини сертифкатлаштириш тартиби, шунингдек, туристик фирмалар фаолияти бўйича таклиф ва истакларни жорий этишга тайёр.
Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат стандарти — «Туристик хизматлар. Меҳмонхоналар ва шунга ўхшаш жойлаштириш воситалари. Синфлаштириш тизими» давлат стандарти лойиҳаси ишлаб чиқилган ва у «Ўзстандарт» агентлигида тасдиқланишни кутмоқда. Ушбу стандартга биноан рўйхати аллақачон шакллантирилган барча меҳмонхоналар ва жойлаштириш воситаларининг классификацияси қайта кўриб чиқилади.
Хизмат кўрсатувчи персоналнинг касб маҳорати ва лавозим йўриқномаларидан хабардорлигини баҳолаш алоҳида аҳамиятга эга. Мутахассисларнинг юқори маҳоратисиз кўрсатилаётган туристик хизматларнинг бирортасида зарур даражани таъминлаш имконсиз. Бу борада биз Испания, Франция, Туркия, Япония, Хитой, Корея, Миср каби давлатларнинг тажрибасини ўзлаштириш керак. Муҳим масала — янги турдаги мутахассислар: менежер, хорижий тилни билувчи тадбиркорларни тайёрлаш олдинги планга чиқиб келмоқда. Кўрсатилаётган сервис хизматларининг сифатини янада яхшилаш, туристларни жалб қилишнинг замонавий ва самарали воситаларидан фойдаланиш, миллий туристик индустрияга замонавий технологияларни жорий этиш талаб этилмоқда.
Марказ таълим, илмий, экологик, спорт-соғломлаштириш туризми каби туризм йўналишларини яратиш ва уларни ривожлантириш учун кўмак беришга тайёр.
Айни пайтда жуда кўп савол ва масалалар тўпланиб қолган, «Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази» ДУК уларни ечиш учун семинар ташкиллаштиришни режалаштирмоқда. Семинарнинг ўтказилиш санаси кейинроқ маълум қилинади.
Мавзуга оид
13:39
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда қўшма туристик йўналиш яратилиши мумкин
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024