Иқтисодиёт | 21:00 / 09.01.2018
29478
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк фаолиятининг устувор 7та йўналиши белгиланди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган тегишли фармон билан Марказий банкнинг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди. Бу ҳақда ҳукуматдаги ахборот манбаси таяниб Kun.uz мухбири хабар беради.

Маълум қилинишича, Марказий банк фаолиятининг стратегик мақсадли йўналишлари сифатида нархлар барқарорлиги, банк тизими барқарорлиги ва ривожланиши, тўлов тизими барқарорлиги ва ривожланиши эътироф этилган.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида Марказий банк фаолиятининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди.

Биринчидан, асоссиз инфляцион кутилмаларнинг олдини олиш мақсадида инфляцион таргетлашнинг принцип ва механизмларини босқичма-босқич татбиқ қилиш билан пул-кредит сиёсати ва унинг инструментларини тубдан такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Ушбу усулга ўрта муддатли истиқболда тўлиқ ўтиш ва пул-кредит соҳасида амалга оширилаётган сиёсат ва чораларнинг шаффофлигини ошириш белгиланган.

Иккинчидан, инфляция омилларини чуқур ўрганиш ва тўлов балансини ҳисобга юритиш ва таҳлил қилиш тизимини тўлиқ шакллантириш асосида пул-кредит сиёсатини шакллантириш кутилмоқда. Шунингдек, тўлов балансини қабул қилиш ва амалга ошириш услубларини такомиллаштириш мақсадида статистик, таҳлилий ва тадқиқот базасини ривожлантиришга йўл очиб берилади.

Учинчидан, банк тизимини тартибга солиш ва назорат қилиш механизмларини, шу жумладан тижорат банклар фаолиятида юзага келадиган муаммоларни дастлабки босқичларда аниқлаш ва уларни бартараф этувчи чоралар кўриш имконини берувчи тижорат банклар таваккалчилигини бошқариш ва баҳолаш тизимини такомиллаштириш белгиланмоқда.

Тўртинчидан, ўрта ва узоқ муддат истиқболларда иқтисодиётни барқарор ўсишини таъминловчи муҳим таркибий қисм сифатида банк тизимини ривожлантириш, тижорат банклар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзаро тўлиқ шериклик муносабатларини шакллантириши айтилмоқда. Аҳолининг банк тизимига ишончли институционал шерик сифатида ишончини мустаҳкамлаш учун рақобат шароитлари яратилади.

Бешинчидан, тўлов тизимини янада ривожлантириш, шу жумладан реал вақт режимида тезкорлик билан ҳисоб рақамлари бошқариш ва банк операцияларини ўтказиш имконини берувчи масофадан банк хизматларини кўрсатган ҳолда тижорат банкларнинг самарали ахборот алмашинуви тизими ташкил этилади.

Олтинчидан, нобанк кредит ташкилотларининг молиявий барқарорлигини кучайтириш, шунингдек уларнинг фаолияти устидан назоратни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Еттинчидан, банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига молиявий очиқликни ва уларнинг саводхонлик даражасини ошириш устувор вазифага айланмоқда.

Мавзуга оид