Жаҳон | 11:10 / 15.01.2018
42890
7 дақиқада ўқилади

Сингапурда коррупция устидан қандай қилиб ғолиб чиқишган?

Сингапур — 40 йилдан сал зиёд вақт ичида коррупция устидан тўлиқ ғалаба қозонган мамлакатдир. Боз устига, улар Хитойдагидек порахўр амалдорларни ёппасига пешонасидан отиб ташлаб эмас, ҳаттоки қатъий қатағонларни қўлламасдан ҳам буни амалга ошира олишган, деб ёзади Россиянинг «Военное обозрение» портали.

Ўтган аср 50-йилларининг ўрталарида британияликлар ўз мустамлакаси бўлмиш Сингапурни ташлаб чиқиб кетишганида сингапурликларнинг ихтиёрида ўта ожиз қонунчилик базаси, мутлақо саводсиз аҳоли, паст маошлар, шаффоф бўлмаган иқтисодиёт, ҳар ерда ҳозиру нозир коррупция қолаётган эди. Одамларни жуда ғира-шира истиқбол қарши олаётганди. Ли Куан Ю «Халқ ҳаракати» партияси билан биргаликда сайловларда ютиб чиқди ва бош вазир этиб сайланди. Айнан у коррупцияга қарши курашнинг рамзига айланди ва унинг шиори: «Коррупцияни енгаман десанг, дўстларинг ва қариндошларингни панжара ортига жўнатишга тайёр бўл», эди.

Ли Куан Юнинг жамоаси шуғулланган биринчи вазифалардан бири коррупцияни йўқ қилиш ва аҳолининг давлатга бўлган ишончини оширишдан иборат эди.

Коррупцияга қарши кампания тўрт унсурдан иборат бўлиб, улардан биринчиси коррупцияга қарши курашувчи кучли ва мустақил хизматни ташкил этишдан иборат эди. Британиянинг истилочи ҳукуматидан Коррупцияни тергов қилиш бюроси — КТБ қолган эди, бироқ унинг ваколатлари жуда чалкаш, ходимлари эса жуда майда ишлар — полиция қуйи ва ўрта эшелонлари, раста савдосини назорат қилаётган инспекторлар, ер тузувчи инспекторлар билан боғлиқ коррупция ишлари билангина шуғулланишарди. Ли Куан Ю КТБни жуда кучайтириб, уни Сингапур бош вазирига бўйсундирди ва чексиз чинакам ваколатлар билан таъминлади.

Амалдорлар дахлсизликдан мосуво этилди

Параллел равишда барча амалдорлар ва уларнинг оила аъзолари дахлсизликдан мосуво этилди. КТБ агентлари нафақат амалдорлар, шунингдек уларнинг болалари, хотинлари, қариндошлари ва ҳаттоки дўстларига тегишли банк ҳисоб рақамлари ва мол-мулкларни текшириш ҳуқуқига эга бўлишди! Агар амалдор ва унинг оиласи топадиганидан кўпроқ харажат қилаётгани аниқланса, бюро автоматик равишда тепадан буйруқ кутмасдан терговни бошлайди. КТБ суриштирувлари ҳукуматнинг олий эшелонидаги йирик порахўрларга қаратилган эди. Кичик товламачи амалдорлар билан эса қарор қабул қилиш йўлларининг соддалаштирилиши, жамоатчилик ҳаётининг у қадар муҳим бўлмаган соҳаларида рухсатнома ва лицензиялашни бекор қилиш билан кураш олиб боришди. Судларга эса коррупция натижасида қўлга киритилган мол-мулкни мусодара қилиш ҳуқуқи тақдим этилди.

1989 йилда коррупцион хатти-ҳаракат учун максимал жарима миқдорини 10 мингдан 100 минг Сингапур долларигача кўтаришди. КТБга ёлғон гувоҳлик бериш ёки терговни чалғитиш қамоқ жазоси ва 10 минг доллар жарима билан жазоланадиган бўлди. КТБ бир неча марта Ли Куан Ю ва унинг оила аъзоларига нисбатан ҳам суриштирув олиб борган, лекин муваффақиятга эришмаган. Фаолият кўрсатган давр мобайнида КТБ бир неча федерал вазирлар, касаба уюшмалари раҳбарлари, жамоат арбоблари, давлат компаниялари топ-менежерларини қамоққа олган.

Ҳач қандай муросадан холи

Келинг, Сингапур ҳукумати олий мақомли амалдорлардан бирини жавобгарликка қандай тортганлигини кўриб чиқайлик.

Ви Тун Бун 1975 йилда оиласи билан Индонезияга сафар қилганида атроф-муҳит муҳофазаси вазири эди. Ушбу сафар харажатлари турар-жойлар қураётган фирма томонидан тўлаб берилгани аниқланади, фирманинг манфаатларини вазир давлат хизматчилари олдида ҳимоя қиларди. Вазир шу пудратчидан 500 минг Сингапур доллари турувчи данғиллама уй, ўз отаси номига фонд бозорларида чайқовчилик қилиш учун ўша фирманинг кафолати остида 300 минг долларли иккита кредит ҳам олади. У айбланиб, судланади ва тўрт ярим йилга қамалади. Вазир ҳукмдан норози бўлади, гарчи қамоқ жазоси бир ярим йилгача қисқартирилган бўлса-да, ҳукм ўз кучида қолади.

Топганига яраша яшаш

Аксилкоррупция дастурининг иккинчи унсури: Сингапурда факт жиҳатидан ҳукумат агенти, исталган давлат идораси ёки жамоатчилик ташкилотининг айбдорлик презумпцияси жорий этилган эди. 1960 йилда қабул қилинган қонунга кўра, ўз даромадларига мос бўлмаган дабдабали ҳаёт кечираётган ва мол-мулкка эга бўлган айбланувчи коррупцион даромадларга эга эканлиги — пора олганини исботловчи далил сифатида қабул қилинарди.

Ҳукумат билан алоқалар излаётган шахсдан ҳар қандай кўринишдаги совға-салом олган амалдор коррупцион йўл билан рағбат ёки мукофот сифатида олган ҳисобланади, токи тескариси исботланмаса. Бу эса айбсизликни исботлаш юкини хизматчининг зиммасига юклайди, у коррупцион схема доирасида мукофотни олмаганига судни ишонтиришга мажбур. Агар амалдорнинг айби исботланса, унинг мол-мулки мусодара этилади, ўзи улкан жарима тўлаб, яхшигина муддатга қамалади. Боз устига, унинг оиласи ҳам шарманда бўлиб, оила аъзоларидан ҳеч ким Сингапурда тузук ишга ўта олмайди.

Интизомлилик учун катта маош

Учинчи унсур — амалдорларнинг ойлик иш ҳақлари радикал кескин оширилган. Ли Куан Ю давлат хизматчилари катта маош олишлари керак, чунки улар тартибли ва ҳалол ҳукумат вакили бўлишган ва шунга лойиқ, деб ҳисобларди. Агар уларга кам иш ҳақи тўлсанса уларнинг нафси ғолиб чиқиб, коррупцион хатти-ҳаракатларга қўшилиб қолишлари мумкин.

Ойликларнинг оширилиши давлат секторига энг яхши мутахассислар келишига замин яратди. Мамлакатда шиддатли иқтисодий ўсиш кузатила бошланганида, амалдорларнинг маошлари хусусий сектор даромадларига мутаносиб равишда ўса бошлади. Масъул лавозимларда ўтирган давлат хизматчилари ва судьялар хусусий корпорацияларнинг топ-менежерлари сингари маош ола бошлашди. Аввалига, иш ҳақи етарли тарзда юқори миқдорда белгилаб олинган эди.

Ли Куан Ю бу тизимни самарасиз деб ҳисоблади ва янги тизимни таклиф этди. Унга кўра вазирлар, судьялар ва олий мартабали давлат хизматчиларининг маошлари хусусий сектор томонидан тўланаётган солиқларнинг миқдорига автоматик тарзда боғлаб қўйилди. Ҳанузгача иш бераётган иш ҳақини ҳисоблаб чиқиш формуласи қуйидаги кўринишга эга: амалдорнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори хусусий секторнинг худди шу даражадаги ишчилари даромадларининг улар декларация кўрсатган миқдорининг 2/3 қисмига тенг.

ОАВ омили

Тўртинчи унсур — коррупцияга оид барча фактларни бетиним ёритиб борувчи мустақил ва холис оммавий ахборот воситаларининг шакллантирилиши бўлди. Ўта дабдабали харажатлар, порада пайқалган амалдор дарҳол нашрларнинг биринчи саҳифаларидан ўрин олар эди.

Хуллас калом, коррупцияга қарши муваффақият курашиш учун босиладиган асосий қадамлар мана шулардан иборат.

Мавзуга оид