Жаҳон | 21:40 / 18.01.2018
11619
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда 2 млрд долларлик экошаҳар барпо этилади

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида IT-боғ, стадион ва экологик транспортга эга ноёб экошаҳар барпо этилади. Шаҳарни барпо этиш бўйича келишув Британиянинг Global Project Capital Ltd, AAG Corporate Services Ltd, Хитойнинг China Road and Bridge Corporation (CRBC) Ltd компаниялари ва шаҳар жойлашадиган Манғистау вилояти акимати билан тузилди.      

Энди томонлар Ақтау экошаҳрини қурувчи бош пудратчини белгилаб олишлари ва лойиҳани молиялаштириш структурасини яратишлари керак. Британия томони 2,1 млрд доллар миқдордаги молиялаштиришни 100 фоиз ўз зиммасига олади, хитойлик сармоячилар эса 400 млн долларлик банк кафолати тақдим қиладилар. Шаҳарни қуриш учун Ақтаунинг шимолий қисмидан 865 гектар ер ажратилади.  

Экошаҳарда ҳамёнбоп уй-жой, тижорат ва савдо марказлари, мактаблар, болалар боғчалари ва тиббиёт марказлари қурилади. Лойиҳа ўз ичига IT-боғ, меҳмонхоналар, спорт стадионлари, кўнгилочар муассасалар ва турли хизматлар, замонавий энергия ва экологик соф технологияларга асосланган транспорт хизмати кўрсатишни ўз ичига олади. Ўз навбатида Ақтау шаҳри акимати қурилиш учун тегишли инфратузилма, жумладан йўллар, энергия таъминоти, канализация ва сув таъминоти тақдим қилишни ўз зиммасига олади.

 

Мавзуга оид