Жамият | 18:35 / 18.01.2018
78508
3 дақиқада ўқилади

Ўқитувчи ҳужжатлари рўйхатидан нақ 23 нарса ўрин олганини биласизми? 

Фото: Fotolia

“Ўқитувчи ҳужжатлари” рўйхати ҳақида “Маърифат” нашри қисқача маълумот берди. Қайд этилишича, нашр Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази тингловчилари ўртасида сўровнома ўтказган.

Унда қатнашган 27 нафар турли фан ўқитувчиларидан фақат 4 нафари оммавий ахборот воситаларида ўқиган охирги мақоласини аниқ кўрсатган. “Таълимий нашрлар орқали берилаётган қайси методик тавсиядан фойдаланяпсиз?” деган саволга 5 нафар ўқитувчигина аниқ жавоб ёзган. 2 нафар ўқитувчи мутахассислигига оид охирги ўқиган илмий-методик асар номини ёза олган. 

Сўровномада ўқитувчилар иш фаолиятида учраётган муаммолар ҳақида ҳам фикр билдиришган. Ҳар бир респондент ўз устида ишлашга вақти йўқлиги, ортиқча қоғозбозликлар кўплигини алоҳида қайд этган. Бир иштирокчи “Ўқитувчи ҳужжатлари” деган кичик сарлавҳа остида қуйидаги узун рўйхатни келтирган: 

1. Синф журнали.

2. Синф раҳбари папкаси. 

3. Синф раҳбари журнали. 

4. Синф раҳбарининг тарбиявий иш (соат) ҳужжатлари. 

5. Ўқувчиларнинг кундалик дафтари назорати. 

6. Ота-она билан ишлаш дафтари. 

7. Дарс конспекти. 

8. Йиллик режа. 

9. Педагогик соат. 

10. Дарс таҳлили. 

11. Фанга оид кўргазмалар. 

12. Паст ўзлаштирувчилар, бўшлиқ билан ишлаш режа ва дафтари. 

13. Иқтидорли ўқувчи билан ишлаш режа ва дафтари. 

14. Ўқувчиларнинг айланма дафтарлари. 

15. Ўқувчилар назорат иши дафтари. 

16. Услубий бирлашма ҳужжатлари. 

17. Тест банки. 

18. Ўз устида ишлаш папкаси. 

19. Тўгарак журнали. 

20. Тўгарак билан ишлаш папкаси. 

21. Микроҳудуд билан ишлаш дафтари. 

22. “Ораста қизлар” папкаси. 

23. Фильтр дафтари ва шошилинч буйруқлар, ҳисоботлар, маълумотлар ва ҳоказолар...

“Чиндан ҳам, мактабларда ўқитувчига шунчалик кўп вазифа юкланганми, деган савол билан педагогларга юзландик. Маълум бўлишича, юқоридаги ҳужжатлар умумий бўлиб, уларнинг ҳар бирида ўқитувчига яна кўплаб вазифалар бор экан. Масалан, синф раҳбари папкасида синф раҳбарининг шахсий ҳужжатлар жамланмаси, синф раҳбарининг низоми, йиллик иш режаси ва ойлик ҳисоботлари, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ҳақида маълумот, ўқувчилар қоидалари, ўқувчиларнинг кундалик дафтар тўлдириш қоидалари, ота-оналар йиғилишини ўтказиш режаси ва баённомалар, ташкил этилаётган тадбир, очиқ дарс, танлов, олимпиада натижалари ҳақидаги маълумотлар жой олиши керак...”, - деб ёзади нашр. 

Мавзуга оид