Жамият | 19:10 / 18.01.2018
101216
5 дақиқада ўқилади

Водий «заправка»ларидан йўқолган газ қидирилмоқда

Ҳар йили, куз-қиш мавсуми қаттиқ келадими, юмшоқ келадими, барибир шу 4 ой электр, газ, коммунал хўжалик ва бошқа тизимлардаги асл ҳолатни худди кўзгудек намойиш қилиб беради. 

Аҳолига газ етказиб бериш бу йил ҳам ҳаминқадар. Аҳоли хонадонларидаги табиий газ муаммоси эски, алмисоқдан қолган, ҳар йили такрорланадиган муаммо.

Лекин, энди пайдо бўлган автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларидаги тақчиллик деярли барча тизимга салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Декабрь ойининг охирги ўн кунлигида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида худди шундай ҳолат кузатилган эди.

16-17-18 январь кунлари рўй бераётган уч вилоятдаги барча газ қуйиш шохобчаларидаги иш тизими бузилиши эса автомобиллар эгалари, ташкилотлар ва аҳолига янада каттароқ ноқулайликлар туғдирмоқда.

Шу кунларда халқ тилида «заправка» деб аталувчи метан газ қуйиш шохобчалари атрофида бир километрлик навбатлар пайдо бўлган. Шохобчалар паст босимли газ билан кунига 5 соатдан ишламоқда, холос. Ҳайдовчилар навбатга туриб, 5-6 соатда автомашинаси баллонига зўрға ёқилғи қуйиб чиқмоқда.

Транспорт дегани жамиятнинг ҳаракатга келтириб турувчи қон томиридек гап. Ўша заправкалардаги навбатлар оқибатида, инсонларнинг қанчадан-қанча режалаштириб қўйган ишлари амалга ошмай қолаётгани ачинарли ҳол. Транспорт муаммоси туфайли, талаба ва ўқувчилар дарс жараёнидан, ишчи-ходимлар муассаса ва ташкилотига кеч қолмоқда.

Ана шундай ташвишли ҳолатдан моддий манфаат топадиган тоифа бор. Булар – таксичилардир. Маълумки, Андижон, Фарғона ва Наманганда аҳоли автобусдан кўра маршрут таксидан кўпроқ фойдаланади. Туманлараро йўналишларда ҳам асосан «Дамас»лар қатнови йўлга қўйилган. Шаҳар ичидаги йўналишларда ҳам ўша қадрдон «Дамас»лар.

Кўринишидан, вилоятларда иш олиб борувчи «Ўзавтодарётранс» агентлиги уларни аллақачон ёддан чиқариб юборган. Барчага маълум, йўл кира миқдори транспортда босиб ўтилган километрга асосан ишлатиладиган ёқилғи-мой,  транспорт воситасининг ишлатилиши ва бошқа кўплаб меъёрларга асосан белгиланади. Водийда анчадан бери ундай эмас. Бугун 1000 сўмлик бўлган йўналиш, ҳеч қандай қарор ва ҳужжатга асосланмаган ҳолда эртага 1500 сўм бўлиб қолиши мумкин. Бу бошбошдоқлик билан бировнинг иши йўқ.

Таксичилар икки кундан бери заправкадаги навбатдан яна «унумли» фойдаланишди.

«Kun.uz»га Фарғона водийсида яшовчи ўқувчилардан мурожаатлар келиб тушди. Маълум бўлишича, барча вилоятларда йўл кира нархлари 3-5 баробарга ошиб кетган.

«Фарғона - Марғилон оралиғида «Дамас» 1500 сўмдан қатнарди. Бугун 5000 сўм бўлибди» (Фарғона вилояти).

«Чортоқдан Чорсугача йўлкира минг сўм эди. Уддабурон таксичиларимиз беш мингга чиқаришибди. Иложимиз йўқ, ишга бориш керак» (Наманган вилояти).

«Шаҳар ичидаги йўналишдаги таксилар пайшанба куни жаҳон бозорига минг сўмга қатнарди. Бугун беш мингга бориб келдик» (Андижон вилояти).

Таксичилар ноқулайликдан фойда топишга ўтишган. Қизиқ, заправкада навбат кўпайди, лекин метан нархи ошгани йўқ-ку?

Йўлкирани ошириш учун мантиқ қани? Қийин, қийин, яна оддий аҳолига қийин.

Мутасаддиларга: «Нега ЁҚШларда газ муаммо?» дея юзланамиз. Улар «Ўзтрансгаз»дан келганини беряпмиз» дея жавоб беришди.

Кўриб турганингиздек, аҳолига катта қийинчилик келтириб чиқарган ЁҚШлардаги ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан бирорта аниқ маълумот берилмайди. «Ўзтрансгаз» агентлиги сайтида янгиликнинг ўзи йўқ. Ёки, водийга Қамчиқ довони орқали ўтган трассада авария бўлганми? Ҳеч қандай изоҳ йўқ.

Охирги хабарларга кўра бугун соат учдан кейин, водий ЁҚШларига газ берила бошланди (чекланган миқдорда). Тушдан кейин навбатга турган ҳайдовчиларга ярим тунгача сабр қилиб, эсон-омон баллонини тўлдириб олишларини, уддабурон таксичиларга эса инсоф тилаймиз.

Элмурод Эрматов, журналист

Мавзуга оид