Жаҳон | 01:10 / 23.01.2018
15934
2 дақиқада ўқилади

Дунё бойлигининг 82 фоизи 1 фоиз аҳоли қўлида!

2017 йилда дунёдаги бойликларнинг 82 фоизи - сайёранинг энг бадавлат 1 фоиз аҳолиси қўлида. Давос форумидан аввал тақдим этилувчи Oxfam ҳисоботи шундан далолат бермоқда.

2010 йилдан буён миллиардерларнинг умумий сони ўртача 13 фоизга ошган. Бу оддий ишчилар иш ҳақининг ўсиш суръатларидан олти карра кўпроқдир - маошлар йилига ўртача 2 фоизга ошган. Миллиардерлар сони эса мисли кўрилмаган суръатларда ўсиб борган — 2017 йилда дунёда ҳар икки кунда янги миллиардер пайдо бўлган!

Forbes маълумотларига кўра, миллиардерларнинг умумий бойлиги 12 ойда 762 миллиард долларга ошган. Энг қашшоқ 50 фоиз аҳолининг аҳволида эса ўсиш кузатилмаган. Бугунга келиб дунёда 2043 миллиардер бўлиб, уларнинг ўнтадан тўққизтаси - эркаклар.

Миллиардерларнинг тахминан учдан бири ўз бойлигини мерос қилиб олган. Келгуси 20 йилда дунёнинг энг бадавлат кишилари ўз ворисларига 2,4 триллион доллар мерос қилишади - бу 1,3 миллиард кишилик аҳолига эга Ҳиндистоннинг ялпи ички маҳсулотидан кўп сумма.

"Миллиардерларнинг шиддат билан кўпайиши гуллаб-яшнаётган иқтисодиётдан дарак бермайди, бу муваффақиятсиз иқтисодий тизим белгиси ҳисобланади", - дейди Oxfam International ижрочи директори Винни Бьянима.

Мавзуга оид