Жамият | 09:24 / 01.02.2018
11177
2 дақиқада ўқилади

Ҳакамлик судлари қандай низоларни кўриб чиқмайди?

Фото: Pixabay

Ўзбекистонда давлат судлари билан бир қаторда нодавлат органи бўлган Ҳакамлик судлари ҳам фаолият юритади. 

Ҳакамлик судлари фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этади. Ҳакамлик судлари маъмурий, оила ва меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни кўриб чиқмайди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги канали.

Низо ҳакамлик судига берилиши учун тарафлар низони ҳакамлик судига бериш ҳақида келишув имзолаган бўлишлари керак. Бундай келишув ҳатто Фуқаролик ёки Иқтисодий судда кўрилаётган низога нисбатан ҳам суднинг ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар тузилиши ва низо давлат судидан олиниб, ҳал этиш учун Ҳакамлик судига берилиши мумкин. 

Ҳакамлик судларида давлат божи йўқ. Низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳакамлик судьяларининг гонорарлари ва бошқа харажатлардан иборат бўлиб, тўловлар миқдори одатда доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг қоидаларида, Муваққат (вақтинчалик) ҳакамлик судида эса тарафлар келишуви бўйича ҳакамлик суди томонидан белгиланади.

Давлат судлари Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас. Яъни, Ҳакамлик судининг қарорини давлат суди фақат процессуал асосларга кўра бекор қилиши мумкин.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳам худди давлат судларининг ҳал қилув қарори каби ихтиёрий ёки мажбурий ижро этилади. Бунда ижро варақасини давлат суди беради.

Мавзуга оид