Ўзбекистон | 10:21 / 02.02.2018
31934
2 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Андижонда Қуръон мусобақаси бўлиб ўтмоқда

1 февраль куни Андижонда Қуръон мусобақаларининг биринчи босқичи бошланди.

Ҳифз ва тиловат йўналишида ўтказилаётган мусобақалар 1-3 февраль кунлари “Андижон” тантаналар саройи, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоят вакиллиги залида, Олтинкўл туман “Олтинкўл” жоме масжиди, Избоскан туман “Аҳмадали ҳожи” масжиди, Асака туман “Холид ибн Валид” масжиди, Шаҳрихон туман “Номозгоҳ” жоме масжиди, Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди ва Қўрғонтепа туманидаги “Рамазон қори” жоме масжидларида бўлиб ўтади. Ҳудудларда ўтказилаётган мусобақаларда 1100 нафардан зиёд  иштирокчи қатнашиш учун рўйхатдан ўтган.

 

 

18 ёшдан 40 ёшгача бўлган қори ва қориялар ўртасида ўтказилаётган танловнинг биринчи босқичи ғолиблари вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади. Вилоятда биринчиликни қўлга киритганлар эса Республика босқичига йўлланма олади. 

Аёл-қизлар ўртасидаги Қуръон мусобақаси ҳам ўзига хос, шариат тартибларга риоя этилган ҳолда ўтказилмоқда. Бунга вилоятдаги вакиллик қошида хизмат кўрсатаётган отин ойилар масъул этиб тайинланган.

Бугун барча ҳудудлар сингари Андижон тантаналар саройида 352 нафар иштирокчилар беллашувга киришишган бўлса, вилоят вакиллиги залида қориялар ўз иқтидорларини намойиш этишмоқда. “Олтинкўл” жоме масжидида эса Балиқчи, Андижон ва Олтинкўл тумани қори ва қориялари ўртасидаги мусобақалар бошланди.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон
Муаллиф олган фотосуратлар

Мавзуга оид