Спорт | 23:45 / 04.02.2018
24438
2 дақиқада ўқилади

Мағлубиятга учраган кубалик боксчи матбуот анжуманда йиғлаб юборди (видео)

Фото: twitter/WBSuperSeries

Бутунжаҳон бокс суперсериясининг (WBSS) яримфиналида россиялик Мурат Гассиевга ютқазиб қўйган кубалик боксчи Юниер Дортикос жангдан кейинги матбуот анжуман вақтида мағлубиятга учраганидан хўрлиги келиб йиғлаб юборди.
  
4 февралга ўтар кечаси Сочида биринчи оғир вазнда IBF ва WBA чемпионлик камарлари учун кечган жангда Гассиев Дортикосни жангнинг охирги 12-раундида нокаутга учрата олди. 

Шу тариқа Гассиев суперсериянинг финалига чиқа олди ва энди якуний босқичда 11 май куни Саудия Арабистонида WBC ва WBO версиялари бўйича жаҳон чемпиони, украиналик Александр Усик билан жанг қилади.

“Мен жуда хафаман, мен ютишни истагандим, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмадим. Мен Майами, Куба ва бу ердаги кўпчиликни ранжитганимни ҳис қилмоқдаман”, деб зўрға гапирган Дортикос. Матбуот анжуманда иштирок этган Гассиев шундан кейин ўрнидан туриб, Дортикосга далда берган. 
 
31 ёшли кубалик учун бу мағлубият фаолиятидаги 22 та ғалабадан кейин биринчи мағлубият бўлди. 24 ёшли Гассиев эса бирор марта ютқазмаган ҳолда, 26-ғалабасини қўлга киритди.

Гассиев матбуот анжумандан кейин Дортикосга ачиниб, унинг ечиниш хонасига келиб, ўзининг IBF камарига қўшимча равишда қўлга киритган WBA камарини кубаликка қайтариб берган.

Мавзуга оид