Фан-техника | 00:42 / 10.02.2018
6444
2 дақиқада ўқилади

Смартфон билан бирга ишловчи ихчам ультратовуш ташхиси қурилмаси яратилди 

Фото: popmech.ru

АҚШнинг Массачусетс технологик институти битирувчилари асос солган Butterfly Network стартапида интернет мавжуд бўлган жойда, қимматбаҳо ва катта ўлчамли қурилмасиз ультратовуш ташхиси амалга оширишга имкон берувчи технология яратилди. Бу технология билан ҳомилани, ўсимта ёки синишни кўриш тана ҳарорати ёки қон босимини ўлчаш каби осонгина амалга оширилади.

Қурилма ўзидан кафт ўлчамидек келувчи, ультратовуш сканерни акс эттиради. У ёрдамида олинган сурат смартфондаги мобил дастурга, ундан эса булутли сақлагичга жўнатилади. Сақлагичдаги суратни исталган малакали мутахассис таҳлил қила олади.

Ушбу УТТ-қурилма тиббий муассасалар ва технологиялар билан муаммо мавжуд бўлган жойларда кўплаб ҳаётларни сақлаб қолиши мумкин.

Стандарт УУТ-қурилма 15 минг доллардан 100 минг долларгача туради. Янги қурилма эса 2 минг доллар туради. iQ деб ном олган қурилма iPhone’га lightning разъёмига эга кабел ёрдамида уланади. Қурилма барча текширувлардан ўтиб, урологик, гинекологик ташхислар ҳамда юрак ва ошқозон-ичак соҳасини текшириш учун маъқулланган. Ушбу қурилма учун буюртмалар сони ўн мингдан ошиб кетган, илк қурилмалар мижозларга бир неча ойдан кейин етказила бошланади.  

Ушбу қурилманинг илк фойдаланувчилари албатта УТТ билан ишланган шифокорлар бўлади. Бироқ бундай қурилма барча мутахассисликдаги шифокорларда пайдо бўлишига, кейинроқ эса қурилмадан беморларнинг ўзлари фойдаланишни ўрганиб олишлари ва у қон босимини ўлчовчи қурилма каби ҳар бир хонадонда бўлишига умид қилинмоқда.