Ўзбекистон | 10:45 / 13.02.2018
12352
3 дақиқада ўқилади

Комилов Ҳиндистон ва Покистон ташқи ишлар вазири билан нималарни муҳокама қилди? 

Фото: Ҳиндистон Ташқи алоқалар вазирлиги

2018 йилнинг 12 февраль куни Деҳли шаҳри Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сушма Свараж билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берган.

Турли даражалардаги Ўзбекистон-Ҳиндистон мунтазам мулоқотининг давоми сифатида вазирлар икки томонлама кун тартибнинг долзарб масалалари ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг алоҳида мавзуларини муҳокама қилдилар.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг сиёсий, ишбилармон ва бошқа доиралари орасида икки мамлакат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қизиқиш ошаётганлиги қайд этилди. Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг етакчи фирма ва компаниялари вакиллари учун шарт-шароит яратиш ва улар ўртасидаги алоқаларни ўзаро қўллаб-қувватлашга асосий эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли Афғонистон бўйича халқаро конференцияга тайёргарлик жараёни тўғрисида ҳиндистонлик ҳамкасбига маълумот берди. Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ҳиндистон томони Афғонистон бўйича Тошкент форумини ўтказишга оид Ўзбекистон ташаббусини тўлиқ қўллаб қувватлади.

Шунингдек, 2018 йилнинг 12 февраль куни Исломобод шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Хаваж Муҳаммад Асиф билан учрашди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Суҳбат чоғида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан Ўзбекистон-Покистон муносабатларининг кун тартиби ва БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга, аввало савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашга томонлар тайёр эканлиги тасдиқланди.

Таъкидланганидек, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги мунтазам алоқалар Ўзбекистон ва Покистоннинг етакчи компания ва фирмалари, банк-молия тузилмалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболларини оптимистик руҳда баҳолаш имконини яратади.

Қайд этилганидек, қўшни Афғонистондаги вазиятни тинч йўлга ўтиши минтақавий ҳамкорликни фаоллроқ ривожлантириш имкониятини яратади. Шу нуқтайи назардан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли Афғонистон бўйича халқаро конференцияда кўриб чиқишга киритилаётган масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда вазирлар томонидан 2018 йили бўлиб ўтадиган турли даражалардаги Ўзбекистон-Покистон учрашувлари жадвали юзасидан фикр алмашилди.

Мавзуга оид