Жаҳон | 08:06 / 14.02.2018
22548
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркдаги портлаш ижрочиси умрбод қамоқ жазоси олди

Фото: AP

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри ва Нью-Жерси штатида портлашларни ташкиллаштиришда гумон қилинаётган, келиб чиқиши афғонистонлик бўлган Аҳмад Хон Раҳимий умрбод қамоқ жазоси олди. Бу ҳақда округ судьяси Ричард Берман маълум қилган, деб хабар берди CNN телеканали.  

Раҳимий айбловнинг 8 та банди бўйича айбдор деб топилди. Судьянинг айтишича, содир этилган жиноят “жирканч, бемаъно ва ҳаёт учун хавфли бўлган”. Раҳимийнинг ўзи портлашга алоқадорлигини рад этган.

2016 йил сентябрда Нью-Йоркнинг Челси туманида ва Нью-Жерсининг Оушен округида портлашлар содир бўлган. Нью-Йоркдаги портлашда 31 киши жароҳат олган, Нью-Жерсида жабрланганлар бўлмаган. Раҳимий полиция билан отишмадан кейин қўлга олинган. Полиция уни яралашга муваффақ бўлган. Прокуратура маълумотларига кўра, Раҳимий қўлбола портловчи қурилма тайёрлаш учун керакли деталларни eBay онлайн-майдончасида сотиб олган.

CNN маълумотларига кўра, Раҳимий 2011 йилда АҚШ фуқаролигини олган. Айбланувчининг отаси NBC телеканалига берган интервьюсида ўз ўғлини “террорчи” деб атаган ва портлашлар вақтида ҳеч ким ҳалок бўлмаганидан хурсандлигини айтган.  

Мавзуга оид