Фан-техника | 23:41 / 26.02.2018
7776
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги илк ўт ўчирувчи робот - WALK-MAN (видео)

Келажакда роботлар турли вазифаларни бажаришда инсонлар ўрнини эгаллаши мумкинлигига ҳамма ҳар хил муносабатда бўлиши мумкин. Бироқ ҳаёт учун хавф туғдириши мумкин бўлган ишларни роботлаштирилган механизмларга топширган маъқул. Бу соҳада ишланмалар талайгина, улардан бири Италия технология институти муҳандислари "маҳсулоти" - WALK-MAN ўт ўчирувчи роботи. Бу робот яқинда реал шароитларга яқин муҳитда илк синовлардан муваффақиятли ўтди. 

Таъкидлаш жоизки, WALK-MAN мустақил ҳаракатлана олмайди: унинг хатти-ҳаракатлари учун хавфсиз масофада жойлашган оператор жавоб беради. Робот тузилмаси унга ўт ўчиришинг деярли барча воситаларидан фойдаланиш имконини беради. Роботнинг бошида лазер сканери, бир неча видеокамера ва микрофон жойланган бўлади - бу операторга маълумотларни узатиш учун шароит яратади. Ҳаракатланиш учун тананинг турли қисмларида жойланган 32 двигатель қўлланади, қўл-оёқларида эса уларга тушаётган механик юкни ўлчовчи датчиклар ўрнатилган. Бундан ташқари, машина мувозанатни ушлашга ёрдам берувчи акселерометрлар билан ҳам жиҳозланган.

WALK-MAN'нинг бўйи - 185 см, оғирлиги - 102 кг. У бир қўлида 10 кг'гача бўлган юкни кўтара олади. Аккумуляторнинг бир марталик заряди роботнинг икки соат давомида тинимсиз ишлаши учун етади.