Жаҳон | 20:25 / 26.02.2018
6344
2 дақиқада ўқилади

Парламент ва ҳукумат давлат тилида ишлаши лозим – Нурсултон Назарбоев  

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ тилининг мавқеини ошириш бўйича ишни давом эттириш зарурлигини айтди. Бу ҳақда Оқўрда маълум қилган.  

Маълум қилинишича, Назарбоевнинг ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев билан учрашуви давомида унга “4-саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имконлари” мурожаати доирасида қўйилган вазифаларни амалга оширишнинг бориши ҳақида маълумот тақдим қилинган. 

Назарбоев учрашув давомида қозоқ тилининг лотин ёзувига ўтиши масаласига тўхтаб ўтган ва давлат тили мавқеини ошириш бўйича чоралар қабул қилиниши муҳимлигини таъкидлаб ўтган.

“Лотин ёзувига ўтиш жараёни халқимиз учун тарихий аҳамиятга эга жараёндир. Шу билан бирга қозоқ тили мавқеини ошириш бўйича ишларни давом эттириш зарур. Парламент ва ҳукумат фаолияти давлат тилига асосланиши лозим. Шу билан бир вақтда фуқароларнинг бу масаладаги ҳуқуқлари камситилмаслиги керак. Бунинг учун синхрон таржима имконияти мавжуд”, деб айтган Назарбоев.

Назарбоев лотин ёзувига босқичма-босқич ўтиш муҳимлигини қайд қилиб, қозоқ тилини ўқитиш усулларини такомиллаштириш масаласини батафсил ўрганиш топшириғини берган.

Бундан ташқари, президент Қозоғистон оммавий ахборот воситалари рақобатбардошлигини ошириш ва киберхавфсизликни таъминлаш масалаларига эътибор қаратган.

Мавзуга оид