Неаполда ярим асрдан кўпроқ давр ичида илк бор қор ёғди
Апеннин яриморолида Сибир циклони олиб келган совуқ ҳаво сақланиб қолмоқда. Италиянинг Неаполь шаҳрида 27 февралга ўтар кечаси 1956 йилдан бери илк бор қор ёғди. Қор оқибатида маҳаллий аэропорт Каподикино ва барча мактаблар ёпилган. Бу ҳақда Rai News 24 янгиликлар портали хабар бермоқда.
Портал маълумотларига кўра, аэропортда учиш-қўниш полосаси музлаб қолгани ва кўриниш ёмонлашгани сабабли парвозлар тўхтатилган. Шунингдек, шаҳар транспорти фаолиятида ҳам муаммолар кузатилган.
26 февралда Везувий вулқони қор билан қопланганди. Шаҳарда охирги марта қор ёғиши ярим асрдан кўпроқ вақт аввал – 1956 йилда кузатилган.
Италияда “Сибир бўрони” деб аталаётган совуқ циклон яриморол марказида авж олиб, жануб томон йўналмоқда. 26 февралда Римда ёққан қор тунги совуқ ҳарорат сабабли сақланиб қолиб, 27 февралда ҳам транспорт билан муаммолар келтириб чиқаришда давом этган. Рим мэрияси мактабларнинг ёпилиши ҳақидаги кўрсатмасини кучда қолдирган.
Италия шимолида ҳам рекорд паст ҳарорат сақланиб қолмоқда. Бу ерда ҳарорат минус 35 даражани ташкил қилмоқда. Прогнозларга кўра, ёмон об-ҳаво 28 февралгача давом этиб, сўнгра ҳаво илий бошлайди. Бироқ об-ҳаво мутахассислари совуқ ҳаво ва ёғингарчиликлар давом этиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда.
Мавзуга оид
18:44 / 13.12.2023
Москвага «Ваня» циклони ёпирилмоқда. Унинг Ўзбекистонга таъсири борми?
19:55 / 24.12.2022
АҚШ 45 даража совуқ «циклон бомбаси»га тайёргарлик кўрмоқда
00:10 / 04.10.2021
Уммонга “Шаҳин” циклони ёпирилди, қурбонлар бор
22:28 / 20.05.2021