Спорт | 12:05 / 01.03.2018
18523
5 дақиқада ўқилади

Олти ярим миллиардлик лига йўлга чиқди

Бугундан жуда катта ўзгаришлар киритилган янги футбол мавсуми бошланади. Мухлислар - Олий ва Биринчи лига дея аталувчи иккита нуфузли мусобақалар тизимини Суперлига ва Про-лига дея аталишига йил давомида кўникиб олишса керак.

Ишқибозлар мусобақаларнинг номи ўзгарганидан таажжубга тушгани йўқ. Асосийси, натижа ўзгарсин.

Маълумки, мазкур мусобақалар Профессионал футбол Лигаси (ПФЛ) ташкилоти бошқарувида ўтказилади.

Футболнинг бошқа спорт турларидан энг катта фарқи унинг катта маблағ талаб қилишида бўлса керак. Ўша Суперлигада иштирок этувчи битта клуб учун кетадиган маблағ билан бошқа спорт туридаги бутун бошли федерацияни таъминлаш мумкин. Нима ҳам дердик, бутун дунёда шундай.

Фақат ўзбек футбол ривожи учун қанча катта маблағ сарфланмасин, халқаро майдонлардаги натижалар борган сари майдалишиб кетмоқда (сўнги 15 йил ичидаги якка-ягонаси U-23 ютуғи бундан мустасно).          

Энди ПФЛ билан боғлиқ рақамларга тўҳталсак. 2018 йилги мавсум регламентида Суперлига ва Про-лига клубларидан олинадиган маблағлар аниқ кўрсатиб ўтилган.

Жумладан, 2018 йилнинг 1 февралига қадар Суперлига клублари ПФЛга 500 миллион сўмдан, Про-лига жамоалари эса 40 миллион сўмдан бадал пули тўлашлари керак. Маълумотларга кўра мазкур бадал пуллари асосий жамоа билан биргаликда клуб қошида ташкил этиладиган аёллар ва болалар лигасида иштирок этувчи жамоалар учун тўланар экан.

Энди тасввур қилинг, фақатгина Про ва Супер лига жамоаларидан ПФЛга келиб тушадиган умумий сумма тахминан 6 миллиард 720 миллион сўмни ташкил этади.

Ушбу маблағлар биринчи навбатда мусобақаларни ўтказиш, спорт инвентарлари ва зарурий техник воситаларни харид қилиш, клубларнинг турли ёшдаги жамоалари ўртасида Республика биринчиликларини ўтказиш, илмий-методик қўлланмалар нашр этиш, чемпионат учрашувларида ишлайдиган ҳакамлар, назоратчилар, комиссарлар маошларини тўлашга сарфланади.

Бадал пуллари миқдорини белгилашда янги мавсумда жамоалар сони қисқаргани, учрашувлар сони эса кўпайгани ҳам инобатга олинган.

Футболимиз кўп харажатли ривожланиш йўлини танлади. ПФЛнинг 15 саҳифадан иборат талабларини бажариш учун қурби етадиган клублар сони қанча бўлишини эса мавсум бошланганида биламиз. Ҳар бир клуб қошида ўзининг футбол академияси ва тўртта ёш тоифасидаги ҳамда олий табақадаги чемпионатида аёллар жамоалари бўлиши каби талабларнинг ўзи ҳам клублар харажатларининг қай даражада кўпайишини кўрсатиб турибди. ПФЛ томонидан қўйилган талаб ва бадал пулларини вақтида бажара олмаган жамоалар четга чиқиб қоладими йўқми буни вақт кўрсатади.

Шуни аниқ биламизки, биринчи мавсумга ўтган йили Олий лига дея аталган чемпионатда 12-ўринни эгаллаган барча клублар бор кучини сарфлаб, Супер лигада иштирок этишга уринади. Клубларимизнинг йиллик сметалари жамоатчилик учун очиқ бўлмасада, уларнинг бир йиллик харажатлари энг камида 3-4 миллиард сўм атрофида бўлишидан хабардормиз. Мазкур сонлар ўртамиёна клубларга тегишли. Миллий чемпионатимизда бақувват ҳомийга эга бўлиб, йилига 25-30 миллиард пул сарфлайдиган жамоалар ҳам бор.    

Шунча маблағ сарфлаган клублар  даромад топиш йўлида иш ташкил этмаса, келажаги учун ҳаракат қилмаган бўлади. Демак, жамоаларимиз жаҳон андазаларидаги маркетинг йўлида ҳам ривожланиши керак. Клублар ўз даромадларини ошириб, йилдан-йилга ривожлана борса, ўз академиясини, турли жамоаларини кўпайтирса, бу бутунлай бошқа масала. Аммо биз ҳозир шунчаки, клублардан пул сарфлаш талаб қилиняпти холос.

Янги мавсумда Суперлигада 12та, Про-лигада эса 16та клуб иштирок этиши кўзда тутилмоқда.

Энди регламентга кўра, клублардан олти миллиарддан зиёд маблағ йиғиб оладиган ПФЛнинг клубларга футбол сифатини ошириш масалаларида кўмаклашишдан ташқари, даромад топиш йўлларини ҳам топиш йўлида ҳаракат қилиши лозим.

Чунки, клубларнинг маблағ томонидан бақувват бўлиши ПФЛ учун ҳам жуда зарур экан.      

Элмурод Эрматов, Андижон

 

Мавзуга оид