Жамият | 22:50 / 10.03.2018
38189
3 дақиқада ўқилади

Янгиерда улфатлар дўстини ўлдирди

Фото:Сирдарё вилоят прокуратураси матбуот хизмати

2018 йил 2 март куни Янгиер шаҳрида мудҳиш қотиллик рўй берди. Таъкидлаш жоизки, жиноятда гумон қилинаётганлар қотилликни содир этганларидан бир кун ўтгач, жиноят жойига қайтиб келишган ва мурдани уйи билан ёқиб юборишга уринишган. Бу ҳақда Сирдарё вилояти прокуратураси хабар бермоқда. Маълум бўлишича, 4 март куни В.Сапсайнинг мурдаси яшаш хонасида қотиллик белгилари билан топилган. Олиб борилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Қаҳрамон Шербўтаев ўзининг жиноий шериги Олег Бойко билан бирга содир этганлиги аниқланган.

Жумладан, улар 2018 йил 2 март куни соат 22:45 ларда В.Ф.Сапсайнинг яшаш хонадонида биргаликда спиртли ичимликларни истеъмол қилишиб, ўзаро келишмовчилик негизида келиб чиққан жанжал оқибатида фуқаро В.Сапсайнинг бош қисмига ўзлари билан уйидан олиб келган ёғоч бўлаги, кейинчалик шиша идиш билан икки маротаба урган. 

Йиқилганидан кейин устига чиқиб, бош соҳасига қўлидаги шиша идиш билан бир неча маротаба уриб тан жароҳат етказган. Бу вақтга келиб, унга жисмонан кучи етмаслигини англаб, жиноий шериги О.Бойко В.Сапсайнинг қаршилигини енгиш мақсадида оёқларини ушлаб турган. Қ.Шербўтаев ўнг қўл билаги билан бўйин қисмидан бўғиб, фуқаро В.Сапсайни қасддан ўлдириб, сўнгра чўнтагидан 19 минг 600 сўм пулларни олиб, воқеа жойидан яширинишган.
 
03.03.2018 йилда қотиллик изларини яшириш мақсадида марҳумнинг яшаш хонадонига соат тахминан 23:00 ларда келишиб, ушлаган идиш ҳамда нарса ва буюмларини йиғиб олиб, каналга ташлаб юбориб, мурдани ёқиб юбормоқчи бўлишган. Аммо хонадонни бир қисми ёнганидан кейин чиқиб кетишган.

Бу билан Қ.Шербўтаев ва О.Бойколар ўзларининг ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “ж”, “и”, “п” бандлари ҳамда 164-моддаси 3-қисми “в” бандида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Фото:Сирдарё вилоят прокуратураси матбуот хизмати

Шу муносабат билан 10 март куни Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида вилоят прокурори Р.Машарипов ҳамда ИИБ бошлиғи М.Жўраев шаҳардаги 4та сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, участка нозирлари, жиноят содир қилган шахсларнинг яқинлари иштирокида тадбир ташкил этилди. Унда Қаҳрамон Шербўтаев ва Олег Бойколарнинг фукаро В.Сапсайни қасддан ўлдирганлиги юзасидан ЖКнинг 97- моддаси билан қўзғатилган жиноят иши танқидий муҳокама қилинди. Йиғилишда сектор раҳбари, маҳалла раиси ҳамда профилактика инспекторининг тушунтиришлари эшитилди. 

Фото:Сирдарё вилоят прокуратураси матбуот хизмати
Фото:Сирдарё вилоят прокуратураси матбуот хизмати

Мавзуга оид