Ўзбекистон | 00:05 / 10.03.2018
67755
4 дақиқада ўқилади

Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи — Куннинг қисқача тафсилоти

Бугун, 9 март куни эрталаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илк давлат ташрифи билан Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрига учиб кетди. Kun.uz Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати, Тожикистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати, шунингдек бошқа оммавий ахборот воситалари томонидан кун бўйи эълон қилинган хабар ва янгиликлар асосида воқеа тафсилотларини тақдим этади.

Душанбе шаҳридаги халқаро аэропортда Шавкат Мирзиёевни қўшни давлат раҳбари Имомали Раҳмон, шунингдек, ҳукуматнинг бошқа аъзолари кутиб олишди. Икки давлат раҳбарлари фахрий қоровул ортидан ўтишди.

Шундан сўнг президентлар Тожикистон раҳбарининг қароргоҳи — «Қасри миллат» саройига йўл олишди. Қароргоҳда Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, давлат мадҳиялари янгради.

Маросимдан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон яккама-якка музокара ўтказди.

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро қатнови учун қулайликларни ошириш масалалари муҳокама этилди.

Икки мамлакат ҳукуматларига ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва унинг таркибини диверсификация қилиш масалаларини ўрганиш топширилди. Фойдаланилмаётган захираларни ишга солиш бўйича таклифлар ўртага ташланди, турли қўшма ишчи гуруҳлар ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев «бир плюс бир» шаклидаги учрашув бошланишидан аввал матбуот учун қисқача баёнот берди.

«Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари яқин вақт ичида стратегик шериклик даражасига чиқади. Тошкент Душанбе билан муносабатларни барча йўналишларда изчил ривожлантириб боради», — дея айтиб ўтди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттиришди.

Президентлар Дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот, Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзолашди.

Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган жами 27та ҳужжат имзоланди.

Жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида визасиз тартиб ўрнатилгани ҳақида муҳим ижтимоий ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон ва Тожикистон тез орада темирйўл, автомобиль ва ҳаво йўллари қатновларининг тўлиқ тикланиши бўйича ишлар амалга оширилиши борасида келишувга эришишди. Шу билан бирга, транзит ташувлар тарифларини пасайтириш ҳам кўзда тутилмоқда,

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми давлат раҳбарларининг самарали музокаралари, ишбилармон доираларнинг бевосита мулоқоти натижасида 1 миллиард долларга олиб чиқиладиган бўлди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев билан учрашувини ўзбек-тожик муносабатларидаги янги тарихий даврнинг бошланиши деб атади.

Музокаралардан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрини айланиб, «Дўсти» майдонидаги Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гул қўйди.

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон Душанбе шаҳрида очилган Ўзбекистон саноат корхоналари миллий кўргазма-ярмаркасига ташриф буюрди.

Бу ерда дастлаб «Ғалаба – Амузанг – Хушади» темир йўл тармоғининг расмий очилиш маросими бўлди. Президентлар поезд ҳаракатини бошлаш учун рамзий тугмани босишган.

Душанбе шаҳрининг «Кўҳи Борбад» санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтди.

Ушбу концерт Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги маданий яқинлик, дўстлик ва яхши қўшнилик муносабатларининг навбатдаги намойиши бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи давом этмоқда.

Мавзуга оид